Зироатхон Мирзиёева Сардоба халқи билан учрашди

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Бугун «Zamin» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Сардоба сув омбори фожиаси натижасида уйлари сув остида қолиб, бошқа ҳудудларга эвакуация қилинган аҳоли ҳолидан хабар олиб, улар билан суҳбатлашди.

“Замин” фонди томонидан бошланган ижтимоий акцияга кўра, фалокатидан жабр кўрган барча ёши улуғларга санаторийлар учун, болаларга эса ёзги оромгоҳлар учун бепул йўлланма бериладиган бўлди.

Бугун Сирдарёда бўлган учрашувлардан айрим хулосаларимни бўлишмоқчиман.

Ҳамма ёрдамга шошилган. Фожиани ўзбекистонликлар юрагига жуда яқин олишган, жабрланганлар билан қалбан бирга бўлишмоқда. Эвакуация қилинганларнинг айтишича, бегона инсонлар худди яқин қариндошлардай ғамхўрлик қилишмоқда. Гарчи ҳокимлик ҳамда хайрия марказлари орқали егулик, кийим-кечак ва бошқа буюмлар олиб келинаётган бўлса ҳам, ён-атрофда яшовчи аҳоли ҳам доимий равишда эвакуация қилинганларни йўқлаб туришибди экан. Ҳатто ҳар куни сут-қатиққача олиб чиқиб туришибди, дейишди (худди “Илҳақ” фильмидаги эпизодга ўхшаш).

Уйи сув остида қолган Ҳайитгул аянинг ўғли бу йил тиббиёт олийгоҳининг ординатурасини тугатиб, онлайн диплом олибди. Янги уйга келин тушириш ниятида, Худо хоҳласа.

«Ўзбекистонда яхшилар кўп экан. Олдин ҳам буни билардиму, лекин бу даражада деб тасаввур қилмагандим. Шу синов баҳона инсонлар бир-биримизни қадрлашни ўргандик, менимча. Бизга ёрдам бераётган яхши инсонлар ҳаққига улуғ Рамазон кунларида, намозларимизда дуо қиляпмиз», — дедилар Ҳайитгул ая.

Менимча, устма-уст бўлган фожиалар ва пандемия одамларимизни тарбияламоқда, жамият характерида қандайдир янги чизгилар пайдо бўлмоқда. Биз ҳам охири бахайр бўлсин, деб дуодамиз. Ва яхшилик қилишга шошилган барча инсонларга миннатдорлик билдирамиз.

@xushnudbek

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш