Жиззахда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилади

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Ўзбекистонда Volkswagen автомобилларини ишлаб чиқариш бошланмоқда. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати маълум қилди.

Март ойида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» ўзаро ҳамкорлик келишувини имзолаган бўлиб, унинг доирасида «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ компанияси базасида енгил тижорий автомобилларни ишлаб чиқариш ташкиллаштирилади.

Ҳамкорлик Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошланади. Корхона қуввати йилига 20 минггача автомобилни ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда «Жиззах Ауто» заводининг қурилиш ишлари якунланиб қолган. Заводнинг асосий қисми ва офислар қурилиши битган ва фойдаланишга топширилишга тайёр.

Енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистонга Volkswagen Caddy автомобилларининг бир қисми келтирилиб, улар сертификация бўйича ваколатли органларга иқлим синовлари ва омологация бўйича махсус текширувлардан ўтказиш учун топширилган. Ҳозирда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан сертификациялаш ва транспорт воситаларининг амалдаги норматив ҳужжат талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш, жумладан, сертификацияловчи орган томонидан назорат иқлим текширувлари ва умумий техник регламент талабларига биноан бошқа синовларни ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Фото: «Ўзавтосаноат» АЖ

Бир вақтнинг ўзида «Жиззах Авто» МЧЖ томонидан Volkswagen дилерлик тармоғини ривожлантириш мақсадида республика ҳудудларидаги қатор дилерлик корхоналар ҳамкорлик қилиш учун танлаб олинган. Таъкидланишича, Volkswagen Caddy русумли автомобиллар савдоси шу йилнинг июль ойидан бошланиши режалаштирилмоқда.

«Ҳар бир дилер корхоналарининг лойиҳалари алоҳида, Volkswagen мижозларининг автосалон ҳудуди бўйлаб қулай ҳаракатланишига йўналтирилган компаниянинг концепциясига мувофиқ тасдиқланди. Ҳозирда Volkswagen стандартларига мувофиқ янги дилерлик марказларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда, уларнинг барчаси харидорларга сифатли сервис хизматини кўрсатиш учун замонавий жиҳозлар билан жиҳозланади», — дейди «Жиззах Авто» бош директори Ойбек Аюбов.

Бундан ташқари, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида «Жиззах Авто» компанияси ва дилерлик корхоналари ходимларини Volkswagen бренди глобал стандартларига мувофиқ ўқитиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилган. Қайд этилишича, 2020 йил май ойида Volkswagen компанияси мутахассислари иштирокида маҳсулот савдосини юритиш ва автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича илк ўқув тренинглар ўтказилган.

Маълумот учун, Volkswagen Caddy — 7 ўриндиқли (5-ўриндиқли кўриниши ҳам мавжуд) йўловчи ва юк минивени. Автомобиль ҳам бизнес юритишга, ҳам оилавий фойдаланиш учун тўғри келади. Тежамкор ва технологик (MPI) двигатель 1,6 литр қувватга эга, бензинда ишлайди. Ёқилғи сарфи – шаҳарда 100 километрга 9,3 литр, трассада 100 километрга 6,1 литр.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Darakchi.Uz

Шарҳ ёзиш