Жиззахда қотиллик учун жазони ўтаётган маҳкум уйланди ва хотинини ваҳшийларча ўлдирди

Муҳаббат ила баҳамлашинг



“Ҳуқуқ” газетасининг 28 майда чиққан сонида қотиллик учун жазони ўтаётган маҳкумнинг ваҳший қотиллик содир этгани ҳақида мақола эълон қилинди. Мақолага “Ваҳшийлик” деб сарлавҳа қўйилган, дей ёзади «daryo.uz».

Наманганлик Санжар Тожиевга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан биринчи жиноий иш муштлашганида очилган. Жиноят иши ярашув туфайли тугатилган. Бироқ орадан бир йил ўтиб-ўтмай қотилликка қўл ургани учун 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Санжар бир неча йил қаттиқ тартибли колонияда жазони ўтагач, амнистия актлари қўлланиб, жазо муддати қисқартирилган ва у Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги манзил-колониясига ўтказилган (“Ҳуқуқ” газетасида Санжар Тожиев қаттиқ тартибли колонияда жазо муддатининг неча йилини ўтаганига аниқлик киритилмаган). Назорат остида қурилишда ишлаётган кезлари Санжар Жиззахга Чортоқдан келган, ўзидан 10 ёш кичик аёл билан танишиб, ёқтириб қолган.

Аёл билан телефонда гаплашиб юрган. Наргиза ҳам унга кўнгил қўйганига ишонгач, Санжар онасини совчиликка юборди. Онаси ўғли яқин орада озодликка чиқишини айтиб аёлнинг ота-онасини кўндирган. Сўнгра Санжар билан Наргиза Зафаробод тумани ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтган.

Жазони ижро этиш муассасаси билан “Агростандарт люкс” корхонаси ўртасида тузилган шартнома асосида 40 нафар маҳбус қатори Санжар ҳам Жиззах шаҳрида кўп қаватли уй қурилишида ишлаётганди. Маҳбусларни ЖИЕК кичик инспектори масъул ходимдан қабул қилиб олиб, иш устида назорат қилиб туради.

Расман никоҳдан ўтганларидан кейин Санжар Наргиза билан ҳар куни телефонда гаплашишни канда қилмайди. У Намангандан Жиззахга Санжарнинг ёнига келиб-кетиб туради. Оила қурганларидан ярим йил ўтгач Санжар аёлга қўнғироқ қилиб, уни Намангандан Жиззахга чақиради ҳамда йўлкира ва бошқа харажатларни қоплаб беришини айтади.

Наргиза Жиззахга келганидан кейин тартиб-қоидага биноан Санжарнинг жазони ижро этиш муассасаси бошлиғига ёзган аризасига асосан икки суткага учрашувга рухсат берилади. Улар қурилиш яқинидаги кўчада, ижарага олиб турилган уйда кўришади.

“Наргиза менга нотаниш тўрт-беш яшар бола билан келди, – дейди суд мажлисида Санжар Тожиев. – Эртаси куни соат еттида уйғонгач, қурилиш объектига бориб йўқламадан ўтдим. Ижара уйга қайтиб келиб турмуш ўртоғим ва бола билан бирга нонушта қилдим.

Қотилнинг сўзларига кўра, у соат 10 ларда иш жойидан 543 минг сўм ойлик иш ҳақини олиб яна ижара уйга келган. Уйда бола Наргизанинг телефонини ўйнаб ўтирган бўлган. Наргиза эса кийиниб олиб кетмоқчилигини айтган. Санжар икки суткага рухсат берилганини айтиб, пул зарур бўлса беришга тайёрлигини айтиб, аёлдан нимага кетмоқчилигини сўрайди. Наргиза гўё “менинг эрим бор, чақиряпти” дея жаҳлини чиқаради. Санжарнинг сўзларига кўра, Наргиза “Сен берган 200-300 минг сўм нима бўлади? Ўзим сендан кўпроқ пул топаман” деб боланинг қўлидан олган телефондаги бегона эркаклар билан тушган суратларини кўрсатган. Санжар аёлнинг юзига бир мушт уриб, қўлидан тортиб олган телефонни полга ташлаб синдирган. Кўчага қочмоқчи бўлган Наргизанинг йўлини тўсиб, тағин юзига бир неча марта мушт урган. Яна ташқарига қочмоқчи бўлганида орқасидан келиб сочини чангаллаб бўйнига пичоқ тортиб юборган. Норасида боланинг кўз ўнгида юзтубан йиқилиб, типирчилаб, хириллаб ётган аёлнинг дуч келган жойига пичоқ санчиб олаверган.

Экспертиза хулосасида Санжар рафиқасини ваҳшиёна тарзда ўлдиргани қайд этилган. Суд ўта хавфли рецидивистга айланган қотилга ўталмай қолган жазо муддатини қўшган ҳолда 23 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш