Хитойда нефть импорти билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик компаниялар гуруҳи ташкил қилинади

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Ташкил қилинадиган гуруҳ таркибидан China Petroleum & Chemical Corp., Sinochem, PetroChina ва China National Offshore Oil Corporation (CNOOC) каби Хитойнинг йирик компаниялари ўрин олади.

Музокараларда кунига жами 5 миллион баррель нефть импорт қилувчи компаниялар вакиллари қатнашмоқда. Таъкидлашича, ушбу компанияларнинг харид сиёсати масаласида бирлашиши дунёдаги энг йирик нефть импортчисининг ташкил қилинишига олиб келади. Бу битим юқоридаги компанияларга ўзаро нархлар урушининг олдини олиш ва етказиб берувчилар таклиф этган нархга таъсир қилиш имкониятини беради.

Қайд этилишича, илк босқичда гуруҳ аъзолари Россия ва Африка нефть қазиб олувчиларидан маҳсулот сотиб олишни режалаштирмоқда. Дастлабки биргаликдаги буюртма 2020 йилнинг июль ойида амалга оширилиши кутилмоқда.

Хитой нефтни қайта ишлаш заводларининг импорт бўйича иттифоқ тузишга уринишининг асосий сабаби коронавирус эпидемияси келтириб чиқарган инқироздан сўнг нархларнинг кўтарилиб кетиши эканлиги айтилмоқда.

Маълумот учун, 2003 йилда Хитойнинг пўлат компаниялари чет элда мис концентратини сотиб олиш бўйича иттифоқ тузган. Ҳозир CSPT деб номланувчи гуруҳга ўндан ортиқ компаниялар қўшилган. Улар орқали Хитойга келтирилган барча мис хом ашёсининг қарийб 80 фоизи сотиб олинади.

Аввалроқ коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини сабаб нефть нархи тушгани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Саудия Арабистони июнь ойида нефть қазиб олиш ҳажмини миллион баррелга қисқартирган эди.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш