Халқаро рейтинг ва индекслар: давлат органлари раҳбарларига КPI белгиланди

Муҳаббат ила баҳамлашинг


 

2 июнь куни Президент томонидан Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш, давлат органларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисидаги Фармон имзоланди.

 

Сўнгги 4 йил мобайнида мамлакатимиз «Иқтисодий эркинлик» индексида 52, «Логистика самарадорлиги» индексида – 19, «Doing Business» индексида – 18 поғонага, ИҲТТнинг «Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш» тизимида 6-гуруҳдан 5-гуруҳга кўтарилди, деб таъкидланади ҳужжатда.

 

Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрнини қуйидагилар орқали яхшилашдан иборат:

  • мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларни ҳисобга олиш, шунингдек мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;
  • давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган НҲҲ ва уларнинг лойиҳаларини мамлакатимизнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.

 

Кенгашнинг ишчи органлари – Молия ва Адлия вазирликлари. Ишчи органлар бўйича тақсимланган устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга қаратилган таъсирчан чоралар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши ҳамда ушбу йўналишда тизимли халқаро ҳамкорлик олиб борилиши устидан Кенгаш томонидан назорат ўрнатилади.

 

Устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича мамлакатимизнинг ўрнини яхшилаш – масъул давлат органлари биринчи раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг бош мезонларидан бири. У бўйича энг муҳим кўрсаткичлар (KPI) белгиланди. Уларга эришиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан қуйидагилар ишлаб чиқилиши ва кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилиши лозим:

  • 2020 йилнинг иккинчи ярми давомида амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурлари (бир ой муддатда);
  • келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурлари (ҳар йил 1 декабрга қадар).

 

Уларда халқаро рейтинг ва индексларнинг навбатдаги нашрида зарур кўрсаткични қайд этишга қаратилган амалий таклифлар, шунингдек рейтинг ва индексларни эълон қилувчи ташкилотлар ҳамда уларни тузишда фойдаланиладиган ахборот манбалари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари назарда тутилиши лозим.

 

Масъул давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳар бир чорак якуни бўйича:

  • кенгаш ишчи органларига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар, зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этади (кейинги ойнинг 15-санасига қадар);
  • кенгаш раиси ёки ўринбосарининг раҳбарлигида ўтказиладиган йиғилишларда тегишли халқаро рейтинг ва индексларда KPI га эришиш учун амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беради (кейинги ойнинг 30-санасига қадар).

 

2019 йил мартда ташкил этилган комиссия кенгашга кўмаклашади ва тегишли йўналишда масъул давлат органлари ишини мувофиқлаштириб боради. Масъул давлат органлари ҳамда тадқиқот институтлари тегишли рейтинг ва индекслар бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотларни кенгаш ишчи органларига мунтазам равишда тақдим этиб боради.

 

Адлия вазирлигида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилади. Бошқарма бир ой муддатда юқори малакали кадрлар билан тўлдирилади.

 

«Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» порталининг ишга туширилиши 2020 йил 1 октябрга кўчирилди (дастлабки сана  – 2019 йил 1 апрель, таҳр. изоҳи). Молия вазирлигига буни манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалга ошириш топширилди. Молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда портал узлуксиз ишлашини таъминлаш ва уни янгилаб бориш учун масъул этиб белгиланган.

 

Олег Заманов.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________


Darakchi.Uz

Манба: Norma.Uz

Шарҳ ёзиш