Тошкент ва Самарқандда “Сув Музейи” ташкил этилади

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2035 йилларда ягона сув балансини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори муҳокамага қўйилди.

Ҳужжат сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг хавфсиз ва сифатли сув ресурсларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, сув хавфсизлигини таъминлаш, ахборот–коммуникацион технологияларини жорий этиш орқали сув балансини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасидаги илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳужжат билан Халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган 2035 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг ягона сув балансини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, Стратегияни амалга ошириш бўйича қатор устувор йўналишлар белгиланган.

Қарор лойиаҳасида Ўзбекистон сув таъминоти ва сув чиқарилиши корхоналари ходимлари учун корпоратив пенсия жамғармасини ташкил қилиш ҳам қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Сув академияси ташкил этилади ҳамда унда сув таъминоти, сув чиқариш, сув ва сув хўжалиги балансини таъминлаш тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрланади.

Шу билан бирга белгиланишича, Тошкент ва Самарқандда Ўзбекистон Республикасининг “Сув Музейи” ташкил этилади.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида сув сиёсати, сув билан боғлиқ қонунчилик қарорларини белгилаш ва сув ресурсларини бошқаришда вазирлик ва идоралар томонидан мувофиқлаштирувчи давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг бевосита раҳбарлиги остида Миллий сув кенгаши ташкил этилиши ҳам қайд қилинган.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Uzreport.Uz

Шарҳ ёзиш