ТЎДАКЎЛ — МОВИЙ ТУСЛИ ОСМОННИНГ БИР ПАРЧАСИ…

Муҳаббат ила баҳамлашинг

ТЎДАКЎЛ — МОВИЙ ТУСЛИ ОСМОННИНГ БИР ПАРЧАСИ

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида, Тўдакўл сув омборида ташкил этилган “Silk Road Family Resort” дам олиш маскани Ўзбекистон туризмининг чин маънодаги янги ютуқларидан бири бўлди. Кейинги йилларда олиб борилган тизимли ислоҳотлар, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг соҳани ривожлантиришдаги ташаббуслари юртимизга келаётган сайёҳлар оқимининг ортиб боришига хизмат қилмоқда. “Silk Road Family Resort”дам олиш маскани ҳам хорижий ва маҳаллий сайёҳларга жаҳон стандардлари даражасида хизмат кўрсатувчи мажмуа сифатида ўз фаолиятини бошлади. Бу ер ҳозирданоқ узоқ-яқиндан келган ташриф буюрувчилар билан гавжум.

ҚУМНИ ТИТРАТГАН ШАМОЛНИНГ ҲИССИ…

Қуёш ёғдули чеҳрасини Тўдакўл қирғоқларига бурганида соҳил бўйлаб югураётган шамол кокилларини кўз-кўз қилиб беихтиёр юзингизни силайди, қалбда уйғонган беқиёс ҳайрат ҳароратли нурлар таъсирида тасаввурингиз уммонига ғарқ бўлади. Шунда ўйларингизнинг энг юксак нуқтасида мовий тусли осмоннинг бир парчаси — Тўдакўл сувларининг нигоҳлар кишанланган нуқталари бўй кўрсатар экан, кутилган хулосани секин тилингизга кўчирасиз: “Бунчалар гўзал бу мавжлар!”
Қумни титратган шамолнинг ҳисси ҳозирча 500 нафар туристни қабул қилишга мўлжалланган замонавий дам олиш масканинининг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олади. Сўнгра кўл узра парвоз қилаётган дунёнинг энг буюк сайёҳлари – қушлар томон ошиқади. Тонгги иштиёқни ўзида жо қилганча пастлаб, кўлдаги кемалар яноғидан бўса олишга интилади. Бу жараён қайта-қайта такрорланавериб, гўзал масканга ташриф буюрувчиларга завқ улашади. Ногаҳон кўздан кўзга кўчиб юрган ҳайратнинг тасвирларини яратади.

УФҚ КЎЗГУСИДАГИ РАНГИН ТАСАВВУР…

Нигоҳлар етиб борган нуқтанинг охирида бетакрор сочларига тароқ уришни якунлаган тўқ қизғиш мўжиза – ҳаёт абадийлигининг тимсоли Қуёш уфқ кўзгусидаги рангин тасаввурларни янада бойитади. Дам олиш маскани ҳудудидаги диснейланд, пляж, кафе-бар, ҳунармандлар савдо расталари, ўйин майдонлари, очиқ осмон остида ўтказилаётган шоулар буюк рассом чизган суратнинг ёрқин тасвирлари гўё. Ундаги мукаммаллик Тўдакўл кўлининг мавжли сувлари ҳамда кўкда аксланаётган чиғаноқлар мисоли бўй кўрсатган булутлар орқали бўрттирилган. Аммо буларнинг бари реал воқелик, ҳаётда мавжуд ва ана шундай бетакрор манзарани кўриш учун “Silk Road Family Resort” дам олиш масканига ташриф буюришингиз лозим.

ҚАЛБГА ИНГАН МАВЖЛАР ҲАРОРАТИ…

Ёзнинг иссиқ кунларида мириқиб ҳордиқ чиқаришни истаган киши учун Тўдакўл энг яхши танловлардан бири. Бу ерга Ўзбекистоннинг турли нуқталаридан сайёҳлар ташриф буюради, “Silk Road Family Resort” дам олиш маскани ҳудуди кун давомида улар билан гавжум. Ҳудудда яратилган жаҳон стандардлари даражасидаги дам олиш воситалари ва сифатли кўрсатилган хизмат сизда катта таассурот қолдиради. Масканга келибоқ қалбингизга инган кўл суви мавжларининг ҳарорати соҳил бўйида ястаниб ётган қум ва тупроқ зарралариникидан кам эмас. Майин сабо келтирган салқин сув ифори ҳам уни бир муддат парчалаб юборишга қодир эмас.
Тўдакўл кўли 3 минг гектар майдонни эгаллаган бўлиб, у Амударё сувлари билан тўлдирилади. Кўл бўйидаги янги дам олиш маскани эса 2022 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилиб, 1500 нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга бўлади.

ОРТГА ҚАЙРИЛГАН НИГОҲЛАР ВАЪДАСИ…

“Silk Road Family Resort” дам олиш масканидан қайтар экансиз, кўнглингизда табиий бир хоҳиш пайдо бўлади. “Мен албатта яна келаман”, дейсиз қалбан. Ортга қайрилган нигоҳларингизнинг ваъдаси шундай бўлади. Сиз олган ҳордиқ нафақат янги иш ҳафтаси учун улкан шижоат, балки оилангиз билан ўтказган энг гўзал дамлар сифатида ёдингизда қолади. Сиз кашф этган нотаниш бир ҳайрат узоқ вақт давомида юрак уришингизда такрорланиб туради.

Асрор АЛЛАЯРОВ,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.





_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Facebook — Qashqadaryo Turizm Axborot Xizmati

Шарҳ ёзиш