Сурхондарёнинг икки туманида ҳоким алмашди

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Бугун, 11 июль куни Сурхондарё вилоятининг Ангор ва Қизириқ туманларига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди. 

Хабарга кўра, Халқ депутатлари Ангор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими Усмон Турапов вазифасидан озод қилинди. У вилоят ҳокимининг  қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Шу кунгача вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган  Шоҳжаҳон Абдуллаев Ангор тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Маълумот ўрнида, Шоҳжаҳон Абдуллаев Бекмуратович 1987 йилнинг 19 январида Олтинсой туманида туғилган. 2009 йилда Термиз давлат университети,  2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Шунингдек, Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими Олим Муҳаммадиев вазифасидан озод қилинди.

Шу кунгача вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Илҳом Юсупов Қизириқ тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Маълумот ўрнида, Илҳом Юсупов Элмуродович 1977 йилнинг 14 июнида Шеробод туманида туғилган. 1998 йилда Ўзбекистон Ички ишлар академияси, 2015 йилда Ички ишлар академиясининг Олий академик курсини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Darakchi.Uz

Шарҳ ёзиш