Шифокор ҳам ўлмасликка хат олмаган-ку…

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Биз ҳозир ҳам пандемия даҳшатини тўлиқ ҳис қилиб улгурмаганга ўхшаймиз. Турли хил ижтимоий тармоқларда ҳамкасбларимиз халқимизни бу бала-қазога ҳамон бепарво қарашаётганини куйиниб ёзишмоқда. Бу беҳуда эмас. Яхшиси, Сиз шу мусибатнинг ичида юрган Инсоннинг қалбидан отилиб чиққан оғриқли огоҳномага қулоқ тутинг.

Даниеле МАЧИНИ,
Италиядаги Бе Гавацени госпитали доктори:

“Мамлакатимизда даҳшатли фожиалар рўй бермоқда. Қари беморлар кетар чоғи ўз яқинлари билан видолаша олмаганларидан кўзларида ёш билан вафот этмоқдалар.

Бу хасталикка қарши дори воситалари жуда кам. Биз қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз, бироқ ҳамма беморнинг аҳволига боғлиқ. Ёши ўтган беморлар касалликка қарши кураша олмаяпти. Биз ҳаммамиз йиғлаяпмиз. Ҳамшираларимиз йиғлаяпти. Қани энди ҳамманинг ҳаётини сақлаб қололсак! Мен кўз ўнгимда ҳаёти тугаб бораётганларни кўряпман. Баъзи ёшларда ҳам касаллик хавфли кечмоқда. Бизнинг касалхонада жарроҳлик, туғуруқ, кўз касалликлари, тери касалликлари бўлими қолмади. Жарроҳлик хоналари жонлантириш бўлимларига айлантирилган. Барча вирусга қарши курашмоқда.

Кислород аппарати олтиндан қиммат. Буларнинг барчаси қандай қилиб шу қадар тез рўй берганига ишонолмаяпман. Биз ҳаммамиз чарчадик. Лекин ҳеч ким чекинишни хоҳламаяпти. Ҳамма ярим тунгача ишлайди. Докторлар ҳамширалар каби тинимсиз ишлашда давом этади. Мен ҳар икки ҳафта ўтмагунча уйга бормайман. Уйдаги ёши катталардан хавотир оламан. Болалар билан камера орқали гаплашамиз. Баъзида аёлимнинг суратига қараб йиғлайман. Айб бизда эмас, бу касаллик унчалик хавфли эмас, деганларда ҳамма айб. Улар буни одатий грипп дедилар. Ҳеч қандай чора кўрилмади. Энди эса кеч.

Сиздан илтимос, уйдан ташқарига чиқманг. Бизга қулоқ солинг. Ниқобдан фойдаланинг. Ҳозирда бир неча доктор юқтириб олди. Уларнинг оила аъзоларидан кўплари ҳаёт ва ўлим ўртасида. Ёши катталарни уйдан ташқарига чиқишига йўл қўйманг. Биз касбимиз сабаб уйда қололмаймиз. Охирги лаҳзаларгача беморларимизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиляпмиз. Мен яшаб кетишга умид йўқ беморларнинг таналаридаги азобни иложи борича камайтиришга уриняпман. Эртага ҳаммаси яхши бўлиб кетса, бизни ҳамма унутади. Докторлик касби ўзи шундай.

Яқинларингиз ҳаёти сизнинг қўлингизда. Сиз биздан ҳам кўра кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қодирсиз!”.

Биз ҳам бу қайғули иқрордан ўтказиб ҳеч нарса дея олмаймиз.

Бугун коронавирус хуружи авж олаяпти. Бу офатнинг, бу ажалнинг сиртмоғидан қутула олмаяпмиз. Кундан-кунга беморлар кўпаймоқда. Ҳатто бир кунда 472 та янги бемор қайд этилди. Ўлимлар ҳам оз эмас. Шифохоналаримиз вирус юқтирганларни қабул қилиш қувватига эга эмаслиги айтилди. Касаллик юқтириш рекордини янгилайверсак, шифокорлар ҳам етмай қолиши аниқ. Одамлар ўз уйида даволанишга мажбур бўлмоқда.

Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси Ҳабибулла ОҚИЛОВнинг таъкидлашича, бугун шифохоналарда койка ўринлари тўлган. Барча шифокорлар жалб этилган. Шу боис махсус комиссия билан келишган ҳолда симптомсиз беморларни уйда даволанишларига рухсат берилган.

Афсуски, бошқа сурункали касаллиги бор беморларнинг қанчаси даволана олмагани, қанчаси вафот этаётгани ҳақидаги статистикадан бехабармиз .

Ахир доктор ҳам ўлмасликка хат олмаган-ку. У ҳам ҳаммамиздек инсон. Унинг ҳам жони омонат. Беморнинг бошида жонини гаровга қўйиб 24 соат тик оёқда турган шифокорлар ҳам бировнинг жондан азиз фарзанди, бировнинг меҳрибони, суянган тоғи. Ўзи ва яқинларининг ҳаётини таҳликага қўйиб, юрагини ҳовучлаб яшашнинг азобини фақат бошидан ўтган билади.

Шифокорлар ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай шароитда хизмат кўрсатишга онт ичганлиги учун қасамёдига содиқ қолиб, ўз жонидан кечиши ҳақиқий жасоратлигини биламиз. Пандемия шароитида юртимизда минглаб  тиббиёт ходимлари жалб қилинди. Юзлаб тиббиёт ходимлари бу балони юқтириб олганлиги учун уларнинг яқинлари азият чекди, оғир вазиятларга дуч келгани ва оламдан ўтганлиги ҳақида бугун гапириш қанчалик оғир. Бу офат чангалидан чиқиш қийин. Унга қарши курашиш ҳам осон кечмаяпти. Аммо бугун ҳар биримиз шифокорлардан ҳам кўра кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қодирмиз! Илтимос, уйда қолинг! Яқинларингизни асранг!

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш