Қўшиққа айланган умрлар: Охунжон Мадалиев

Қўшиққа айланган умрлар: Охунжон Мадалиев

Муҳаббат ила баҳамлашинг

Раҳматли Оҳунжон Мадалиев билан ҳамтенг эдик. Мен 1983-84 йиллардан буён унинг қўшиқларини мухлиси эдим.
1996-97 йиллари Қарши шаҳридаги «Россия» кинотеатрида Оҳунжоннинг гастрол концерти бўлган эди. Айнан ўша куни концерт давомида Фарғонадан Оҳунжоннинг созандаси (аккордиончиси)ни турмуш ўртоги ўғил фарзанд кўрганлиги тўғрисида хушхабар етиб келгани тўғрисида Абдураҳмон Сиддиков томошабинларга эълон қилганди.
Мен ўшанда «Жигули-2106» автомобилида юрардим. Эълонни эшитгач зудлик билан машинада бориб иккита гулдаста олиб келганман ва Оҳунжон ашуласини тугаллаб Абдураҳмон қизиққа навбат бериши палласида сўз олиб Оҳунжонни ҳам, унинг созандасини ҳам табриклаб, ўзимни чиройли тилакларимни билдирганман.
Оҳунжонни барча қўшиқларини яхши кўраман. Айниқса, яқинда тасодифан унинг «Онамнинг дуоси мени асрайди» номли қўшиғи ҳамшаҳрим «Китоб ва китобликлар» гуруҳи маъмури, шунингдек «Kitab-uz» портали муаллифи дўстимиз Асадулла Жўраевнинг ижодига мансуб эканлигини билиб ўта қувончдан хайратда қолдим.
— Оҳунжон акам, деб хотирлайди ҳофизнинг рафиқаси Ҳабибахон Абдуллаева, бу қўшиқларни куйлабгина қолмай, боқувчисини йўқотган мана шундай кемтик оилаларга қўлидан келганча ёрдам берсам дердилар. Шундай оилаларнинг тўйларига холис хизмат қилиш, тўёналар ҳам беришга одатлангандилар.
Ҳабибахон ва Оҳунжон гарчи бир тумандан бўлсаларда, бир-бирларини фақат 1984 йилда таниганлар. Бирларини-ҳамшира, бирларини-бемор ҳолида Фарғона шифохона-ларидан бирида тақдир учратиб қўйди.
Ҳабибахон ўша пайтларда Бекобод шаҳар тиббиёт билим юртини эндигина тамомлаб қайтган, Оҳунжон эса Фарғона педагогика институтининг мусиқа факультети талабаси эди. 1985 йилда никоҳ тўйлари бўлиб ўтди. Сўнг бирин-кетин ширин фарзандлар туғилди. Ҳозир улар тўрт нафар: Хуршидахон, Хуморахон, Қиличбек, Санжарбек.
Қиличбекдан сўнг туғилган ўғил фарзандга бобосининг Нусратали исмини қўйгандилар. Аммо гўдак бир ёшга тўлар-тўлмас вафот этди. Ўша кунларда Сайёра Тўйчиева фарзанди вафот эттан дугонаси тилидан «Жавоҳирим» сарлавҳали шеърни ёзиб, Охунжонга такдим қилади. Охунжоннинг ўз фарзандидан айрилгани алами устига қўшилган бу дардли шеър омихта бўлиб мотам қўшиғи пайдо бўлади:
Жавоҳирим, жон томирим,
Кўзларингш согиндим мен…
Оҳунжоннинг қўшиқ танлашида ўзи ва шоир дўсти Шуҳрат Аҳмедов жуда катта масъулият билан ёндошганларини таъкидлаш жоиз. «Онамнинг дуоси мени асрайди» қўшиғининг дунёга келишида бир-биридан бехабар, аммо маслаклари бир йўналишда бўлган инсонлар тақдирини кўрамиз.
Мен «Гулхан» журналида катта муҳаррир бўлиб ишлаб юрган чоғларимда Кашкадарёлик ўқувчи Асадулла Жўраевнинг шеърларини эълон қилган эдик. Кейин у ўрта мактабни битириб, ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кирди. Кунлардан бирида метрода кетаётиб таниш бир кишини кўриб қолдим ва у киши Асадулланинг отаси эканлиги ёдимга тушди.
-Асадулланинг аҳволи оғир, деди ғамдан эзилган ота. Бир неча кун бурун ўғлим Талабалар шаҳарчасидан уйга қайтаётганда номаълум безорилар томонидан обдан пичоқланган. Ҳозир реанимация бўлимида жон олиб, жон бериб ётибди. Боламнинг руҳи жуда тушиб кетган. Сал ўзига келса юртимга олиб кетаман.
Шундан сўнг, орадан бир-икки ойлар ўтиб матбуотда Асадулланинг «Онамнинг дуоси мени асрайди» деган шеъри эълон қилинди. Худога шукур, ўнгланиб олибди, деб қувондим.
Орадан бир-икки ойлар ўтмай Оҳунжон ижросидаги ушбу қўшиқ радио ва телевидениеда янграй бошлади.
Шоир Сирожиддин Саййид сўзлари билан айтиладиган:
Саҳар косаларга паймон тўлсаю,
Менинг ярим кўнглим тўлмаса, болам…
нолалари бугун ҳофизнинг ўз онаси Турғуной аямизнинг қўшиғи бўлиб қолишини ким билибди, дейсиз…
Ҳа, она дуоси уни асрай олмади. Аммо, она деганда биз фақат туққан онанигина эмас, Ота-Ватанни, Она-юртни, Она-халқни ҳам ҳис қиламиз. Кўпчиликнинг дуоси уни дорулбақода ҳақ назарига ноил, ардоқли қилиш шубҳасиз. Гузарларимизда, бозорларимизда Оҳунжон ижросидаги аудио ва видео ёзувлар атрофида мухлислар гавжум. У ҳамон тирикдек тириклар билан бирга…

Ғафуржон Пўлатов


_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________

Манба: Facebook — Китоб ҳокимлиги

Шарҳ ёзиш