ОНА ТИЛИ — СИЛАИ РАҲМ БОҒИЧИ…

Муҳаббат ила баҳамлашинг

ОНА ТИЛИ — СИЛАИ РАҲМ БОҒИЧИ

Чет элларда юрганларнинг энг катта хатоларидан бири оиласида ўз она тилида гапирмаслиги ва болаларининг она тилларини унитишларига йўл қўйиб беришларидир. Ота-оналар оилада ўзаро гаплашиш тили ягона она тили деб қатъий талаб қўйишлари ва оила ичига бошқа тил кириб келишига йўл қўймасликлари керак.

Болалар яшаб турган жойларининг тилига тез мослашадилар ва қисқа вақт ичида ўзаро ўша тилда гаплаша бошлайдилар. Бу ҳолатда болаларнинг ўз она тилини ўрганишлари учун ягона манба бу ота-оналаридир. Энди ота-оналар “-болам ўзбек тилини тушунмайди, қийналади“ деб уларга ўша ернинг тилида гапира бошлашса, болалар қаердан ҳам ўрганади она тилларини. Бу ўз қўли билан боласини қариндошларидан узишдир.

Айримлар тил унчалик аҳамиятли нарса эмас, муҳими яхши одам бўлсин, чиройли мусулмон бўлсин дейишади. Аммо тилнинг йўқолиши барча мусибатларга эшик очади: кетидан маданияти, одоб-ахлоқи ва секин-секин дини йўқолади. Ўз маданиятини йўқотган ёшлар эса ўша ўзлари яшаб турган юрт маданиятини осонгина қабул қиладилар.

Тилни йўқотиш келтириб чиқарадиган яна бир офат бу силаи-раҳмнинг узилишидир. Болалар она тилини билишмайди, уларнинг хола, тоға, амма, хола, бувию бувалари эса буларнинг тилини тушунмайди, бир-бирларининг маданияти тўғри келмайди. Бу эса бора-бора узилишга олиб боради. Силаи-раҳмни узиш эса энг катта гуноҳлардандир.

Тилни сақлаб қолиш мусофирчиликнинг энг оғир синовларидан бири. Ота-оналар тилни сақлашга ўта масъулиятли қарашлари керак. Фақат бугунни ўйлаб эмас, балки болалар, уларнинг болалари, ундан кейинги авлодлар ҳоли нима бўлишини ҳисобга олиб иш қилиш керак.

Яна кимлардир ўзбек тилини нима кераги бор, араб тилини билса бўлдида, Қуръон-ҳадис тили дейишади. Араб тилими, инглиз тилими, рус тилими, ёки бошқа тилларми фарқи йўқ. Болангиз ва унинг авлодлари қариндошчиликни узиб, бегона бўлиб кетмасин десангиз уларнинг она тилини сақлаб қолишларига қаттиқ аҳамият беринг…


_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Facebook — Шаҳрисабз ва шаҳрисабзликлар

Шарҳ ёзиш