Ниқоблар чиндан ҳам коронавирусга қарши ёрдам беради. Гап вирус ташийдиган томчиларда

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Коронавирус пандемияси достони эндигина бошланганида бутун дунё икки хил гуруҳга ажралганди — дарҳол ниқоб тақувчилар (кўпчилик ниқобдан аввалдан фойдаланган – Жануби-Шарқий Осиёдаги бир қатор мамлакатларда одамлар улардан тутун ва чиқинди газларидан сақланиш учун фойдаланишади) ва сўнгги дақиқагача уни тақиб ўзини қийнашни истамаган гуруҳ. Ниқоблар самарадорлиги ҳақидаги мунозаралар ҳалигача тўхтамади. Аммо ҳозирда АҚШ ва Тайваннинг бир гуруҳ олимлари ниқоб кийиш зарурияти вирус заррачаларининг табиати билан изоҳланадиган тадқиқотни эълон қилишди.

Science журналида чоп этилган мақола муаллифлари эслашича, анъанавий равишда ҳаво томчилари орқали юқадиган юқумли касалликларни назорат қилиш чоралари касалликнинг аксирадиган ва йўталадиган аниқ ташувчилари жамоасини ажратишни ўз ичига олади, дейди «kun.uz».

Аммо, Covid-19 ҳолатида ҳамма нарса ўзгача бўлди, чунки вирусни юқтирган одамларда узоқ вақт давомида (ёки умуман) касаллик аломатлари юзага чиқмади ва шу билан бирга улар вирусни фаол ташишда давом этди. Гапираётганда ва шунчаки нафас олаётганда улар атмосферага узоқ вақт ҳавода, айниқса, ёпиқ бино ичида аэрозол ҳолатида осилиб турадиган вирусга тўйинган ҳаво томчисини чиқаришди. Нафас олиш пайтида бу аралашма ўпкага чуқур кириб бориши ва у ерда инфекция манбайига айланиши мумкин бўлди.

Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, одам нафас олганда 0,1дан 1000 микрометргача бўлган намлик зарраларини ҳавога чиқаради (илгари улар микронлар деб аталган). Масалан, (биз визуализация ҳақида гапирмаяпмиз) бир миллиметрда 1000 мкм мавжуд. Ушбу зарралар катталиги, тортиш кучи, инерцияси, буғланиш тезлиги ва бошқа бир қатор омилларга қараб турли масофаларда ҳаво орқали тарқалади.

Катта зарралар сиртга тезроқ жойлашиб,  уни зарарлайди. Кичикроқлари (5 микрондан кам) тезроқ буғланади, аммо улар ҳаво орқали осон ва жуда катта масофада ҳаракатланади. Иккала усул ҳам – ҳаво ёки зарарланган сирт билан алоқа қилиш, инфекцияланишни келтириб чиқариши мумкин. 

Олимлар субмикрон ўлчамидаги зарралар альвеолаларга чуқур кириб, иммунитет тизимини четлаб ўтиб, вирус уч баравар кўпайишига имкон берадиган хавф-хатар туғдиришини аниқлашди. Бу ҳолатда одам ҳали инфекцияланганидан шубҳа қилмайди, аслида ўзи вируснинг фаол ташувчисига айланади. 

Хитой мисолида кўрсатиб ўтилганидек, инфекция аломатларини кўрсатмаган айнан шундай «жим ташувчилар» 79 фоиз ҳолларда кейинги инфекция манбайи бўлган. 

2003 йилда SARS эпидемияси бошланганида ҳам инфекция асосан ҳаво томчилари орқали тарқалгани аниқланганди, аммо кўпгина давлатлар SARS-CoV-2 (Covid-19’ни келтириб чиқарадиган вирус расмий шундай аталади) ҳолатида зарарланиш муқобил схемада рўй берганини ҳали ҳам тан олишмаяпти. 

SARS-CoV-2 тарқалишига қарши курашиш учун ЖССТ икки метрлик ижтимоий масофа сақлашни тавсия қилди, аммо бу маслаҳат 1930-йилларда олиб борилган ҳаво аралашмалари тадқиқотларига асосланган. Ўшанда олимлар ҳажми 100 микрометрга тенг келадиган катта томчилар аксириш ёки йўталиш пайтида тортишиш кучи таъсири ҳисобига жуда тез чўкишини исботлашган. Афсуски, ўша пайтда бир микрометрдан кичикроқ зарраларни аниқлаш учун воситалар ва усуллар мавжуд бўлмаган. 

Сигарет тутуни каби
Аммо бугун биламизки, шамол бўлмаса 100 микрометр ҳажмидаги томчи 3 метр баландликдан тахминан 5 сония ичида чўкади, бир микрометр зарра эса ҳавода 12 соатдан кўпроқ сақланиб қолади, деб ёзади муаллифлар.

Шундай қилиб, ЖССТнинг айнан икки метрлик масофаланишга доир тавсияси кўплаб иншоотларга нисбатан ўз долзарблигини йўқотади, чунки ҳаво-томчи аралашмаси ҳавода бир неча соатлаб осилиб қолиши, вақт ўтиши билан тўпланиб, ҳаво оқимлари билан ҳаракатланиши мумкин (худди офисдаги кондиционернинг пуфлаши каби). 

Очиқ жойлар учун ҳам жуда турли хил омиллар мавжуд. Бир томондан, вирусларнинг концентрацияси кескин пасайиб кетиши керакдек туюлиши мумкин ва ультрабинафша нурлар уларни ўлдириш орқали фойда келтиради. Бошқа томондан, вируслар атмосферадаги чанг зарралари ва бошқа ифлослантирувчи моддаларга ёпишиб, зарар келтирувчи хусусиятини йўқотмасдан узоқ масофаларга тарқалиши мумкин. 

Бундан ташқари, агар SARS-CoV-2 вируси субмикрон зарраларда мавжуд бўлса, унинг тарқалиш самарасини сигарет тутуни билан таққослаш мумкин. Сизга ҳид етиб келаётган бўлса, унда вируслар ҳам учиб келиши мумкин. 

Айнан шу нуқтада энг муҳим нарсага ўтамиз — ниқоблар. Олимлар ёпиқ биноларда икки метр масофани сақлаганда ҳам юзга яхши ўрнашадиган ниқоб кийишни тавсия қилишади. Акс ҳолда, мутахассисларнинг фикрига кўра, на тест, на масофа ва на  бемор билан алоқада бўлганларни кузатиш ёрдам беради, чунки ҳар қандай одам ташқи аломатсиз бемор бўлиши мумкин. 

Шифокорларнинг ўзи учун ҳам инфекция олдини олишнинг иложи йўқ, ахир одатда ҳаво орқали касалхоналар ва қариялар уйларининг тиббий ходимлари иккиламчи зарарланган.

Айнан инфекциянинг ташқи белгисиз ташувчилар томонидан юқтирилиши бутун дунё бўйлаб Covid-19 тарқалишига олиб келиши мумкинлиги аниқланганидан кейин, ЖССТ ҳаммага истисносиз равишда ниқоб тақишни тавсия этди. 

Science’даги мақола муаллифлари таъкидлашича, ниқоблар муҳим тўсиқ вазифасини бажаради, бу озгина ёки умуман симптомлари бўлмаган беморлар нафас билан чиқарадиган зарарли вируслар сонини камайтиради. Жарроҳлик ниқоблари тайёрланадиган материал Covid-19 юқиши эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради ва инфекцияланган тақдирда касаллик кечишини енгиллаштиради. Вирус концентрацияси ошиши мумкин бўлган шароитларда ниқоб кийиш жуда муҳим: тиббий муассасалар, самолётлар, ресторанлар ва яхши шамоллатилмайдиган одамлар гавжум хоналарда. 

Зичлик, мато ва қатламлар сони фарқига қарамай, уйда қўлбола тайёрланган ниқобларнинг ҳаво-томчи аралашмаларни самарали фильтрлаш қобилияти профессионал жарроҳлик ниқоблари имкониятларидан кам эмас. Шундай қилиб, сотувда ниқоблар етишмаслиги ҳақида гапиришга ҳожат йўқ: ҳаммаси ўз қўлимизда. 

Эпидемиологик маълумотларга кўра, Тайван, Сингапур ва Жанубий Корея каби давлатлар, шунингдек, Хитойнинг бир қисми бўлишига қарамай асосан мустақил иш олиб борадиган Ҳонгконг Covid-19 тарқалишини назорат қилишнинг энг яхши йўлини топди. Айнан шу мамлакатларда ниқобларни мажбурий кийиш жорий этилди.

Масалан, 24 миллион аҳолига эга Тайванда коронавируснинг биринчи ҳолати 2020 йил 21 январдаёқ рўйхатга олинган ва қатъий карантин жорий этилмаган бўлса ҳам, атиги 441та зарарланиш ҳолати ва 7 ўлим ҳолати қайд этилган.

Таққослаш учун, 20 миллион одам яшайдиган Нью-Йоркда илк зарарланиш ҳолати 1 март куни аниқланиб, кейинчалик 350 мингдан ошиқ одам коронавирус билан касалланган ва 24 минг киши вафот этган. 

SARS эпидемиясидан кейин ишлаб чиқилган режани тезда амалга ошириб, Тайван ҳукумати қатъий карантинни жорий этмади, аммо инфекция тарқалиши олдини олишни таъминлаган бир қатор чораларни жорий этди. Улардан бири жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий бўлиши эди.
Расмийлар, шунингдек, ўз фуқароларини муносиб баҳода тегишли ҳимоя воситалари билан таъминлаш мақсадида, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг чет элга ниқоб экспорт қилишини тақиқлади. 

Шу билан бирга, бошқа кўплаб мамлакатларда ҳали ҳам ниқоб етишмаслиги муаммоси сақланиб қолмоқда ёки улар қора бозор нархларида сотилмоқда. 

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, ниқоблардан фойдаланиш ва улар мавжудлиги нуқтайи назаридан мамлакатлар ўртасидаги бундай ажойиб фарқ инфекцияни жиловлашда ёки аксинча тарқалишида муҳим рол ўйнаган.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш