Мулкдор хусусийлаштиришга қарши – оқибати қандай бўлади

Муҳаббат ила баҳамлашинг


 

Давлат мулки объектларини хусусийлаштиришнинг амалдаги тартибига айрим тузатишлар киритилди (6.07.2020 йилдаги 425-сон ВМҚга қаранг).

 

Энди давлат корхоналари ва давлат муассасаларини АЖ ёки МЧЖга ўзгартириш тўғрисидаги аризани Давлат активларини бошқариш агентлиги (Агентлик) сайтига электрон шаклда юбориш мумкин. У ЭРИ билан тасдиқланган, унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:

  • ариза берувчи жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, СТИРи, мобил телефон рақами ва электрон почта манзили;
  • ариза берувчи юридик шахс бўлса, ташкилот номи, ташкилот СТИРи, ташкилот раҳбарининг мобил телефон рақами ва электрон почта манзили.

 

Қоидага кўра, у бўйича буюртманома келиб тушган давлат ташкилотининг муассиси ва маҳаллий ҳокимият органи уни ўзгартиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса беришлари керак. Бироқ улар хусусийлаштиришга қарши бўлган тақдирда қандай хатти-ҳаракат қилишлари кераклиги шу пайтгача қонун ҳужжатларида қайд этилмаган эди.

 

Тузатишлар билан қуйидаги сценарий назарда тутилган. Давлат ташкилотининг раҳбари жорий ташкилий-ҳуқуқий шаклини сақлаб қолиш зарурлиги ҳақида Агентликни (унинг ҳудудий бошқармасини) ёзма равишда хабардор қилади. Сўнг у ўзи ва, тегишинча, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ёки Тошкент ҳокими томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган тегишли хулосани тақдим этиши керак. Давлат ташкилотини ривожлантиришни назарда тутувчи ушбу ҳужжатга қуйидагилар илова қилинади:

  • Президент, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Котибияти раҳбари томонидан тасдиқланган тармоқ жадвали;
  • юқори турувчи ташкилот (у бўлмаган тақдирда – минтақавий ижроия ҳокимияти раҳбари) томонидан тасдиқланган дастур. 

 

Шундан сўнг Агентлик ўзгартириш ташаббуси билан чиққан ариза берувчига рад жавобини беради. Бироқ дастурда ёки тармоқ жадвалида белгиланган муддатларда чора-тадбирлар бажарилмаса, Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси минтақадаги ҳокимларнинг хулосасига биноан давлат ташкилотини унинг муассиси (юқори турувчи ташкилотининг) розилигисиз, бу ҳақда уни 5 кун мобайнида огоҳлантирган ҳолда, хусусийлаштириш дастурига киритишга ҳақли бўлади. Бу таълим (шу жумладан мактабгача тарбия) муассасалари, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт бўйича таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.

 

Давлат кўчмас мулк объектларини хусусий шахсларга сотиш шаклида хусусийлаштириш доирасида ҳам худди шундай механизм амал қилади. Бироқ унинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бунда қуйидаги ҳолларда объект балансда сақловчининг розилигисиз хусусийлаштирилади: 

а) у тегишли сўровнома келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни ичида объектни давлат мулкида сақлаб қолиш зарурлиги ҳақидаги хулосани тақдим этмаган бўлса. Объект биноларнинг (иншоотларнинг) умумий майдонига қараб хусусийлаштириш дастурига киритилади:

  • 2 минг м2 гача – 3 ойдан кейин;
  • 2 минг м2 дан ортиқ– 6 ойдан кейин;

б) дастур ёки тармоқ жадвалидаги чора-тадбирлар 12 ой давомида бажарилмаса. Объектни хусусийлаштириш дастурига киритиш тўғрисидаги қарор худди шу муддатларда қабул қилинади. Бу ҳолда улар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ёки Тошкент ҳокимлигининг хулосаси (дастур/тармоқ жадвали бажарилмаётгани тўғрисидаги, таҳр.) олинган санадан бошлаб ҳисобланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.07.2020 йилдан кучга кирган.

 

Олег Заманов.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________


Darakchi.Uz

Манба: Norma.Uz

Шарҳ ёзиш