"МОМОМГА ДЕГАНЛАРИМ" ТУРКУМИДАН….

Муҳаббат ила баҳамлашинг

"МОМОМГА ДЕГАНЛАРИМ" ТУРКУМИДАН.

БОЛАЛИКНИ ЭСЛАБ.

МОМОМНИНГ ДЕГАНЛАРИ.

(КИТОБ ШЕВАСИДАГИ СЎЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНИЛДИ)

Секингина ёнбошлайман, чорпояга,
Елпир, момом чақмасин дея хомишак.
Товонимнинг ёриғига қараб ўйлар:
Ўғил бола бўлишингга қолган андак.

Анов пишак сени пойлар, алам қилган,
Думгинаси қисилибди, буровингдан.
Эшакка кўп юк ортибсан,безиллайди,
Шўрлик юролмай қолибди, қийноғингдан.

Шотмонхонни ўғли йиғлаб келди кеча,
Перонг билан чизиб қўйибсан, бетига.
Қиз болаям шундай бўларми, беинним,
Сумкангни ташлаб келибсан, йўл четига.

Ҳар кун битта жамалагинг йўқотасан,
Тоғанг ўғли боғлаб қўярмиш партага.
Болам, битта гапдан қолсанг бўлмайдими,
Қачон эсинг кираркина, уф аттанг- а?

Ланка ўйнаб калишимни еб-ютибсан,
Ариқчадан топиб келдим, патагимни.
Даданг қувласа бекиниб ағдарибсан,
Томорқанинг тўридаги катагимни.

Бола бўлмай бало бўлдинг, қизмиш, яна,
Нега яна миниб қочдинг тракторни.
Менгинани кун кўрсатмай ўлдирасан,
Қашқатаёқ, бу не қилиқ, эсинг борми?

Тунов куни болхонадан йиқилибсан,
Арвоҳ бўлиб қувибсан-ку, Кароматни.
Оппоқ тўшагимни тешиб кўз ясабсан,
Кўрсатай деб У дунёдан аломатни.

Аҳ, болама, тинчимадинг тилим қисиқ,
Тарафингни олдим шаллоқ емагин деб,
Ҳай, юраман токайгача сени қўриб,
Эрта учун қай гўр режа қўйдинг тузиб.

Даданг айбдор, ўғлим дея эркалади,
Нима қилсин, у бечора ўғилга зор.
Тунов куни жағиртириб ўлдирибсан,
Овозидан кўчиб кетай, дебди тутзор.

Супургини, қипсан қара думи юлуқ.
Милтиқ қипсан, уруш-уруш ўйнагани.
Тиқиб олибсан, палончининг қорнига,
Етар, бизни уялтириб қийнаганинг.

Нима қилай, ичингга сиғмас, ғайратинг,
Ўлиб кетсам, одам-подам бўласанми.
Майли ухла, болагинам, иби ўлай,
Пашшахўрдамни тешибсан, биласанми?!!!!…

Ҳушёр бўлгин, болам одам пашшалар кўп,
Катта бўлсанг, бола бўлгинг келар яна.
-Одам-подам бўлдим, момо, суробим йўқ,
Қаранг, кўнглим илма-тешик пашшахона.

Изоҳ:
Чорпоя-сўри.
Хомишак-чақадиган ҳашорот.
Пишак-мушук.
Ланка-қўрғошин эритиб жунга ёпиштирилиб ясалади, тепиб ўйналадиган ўйин
беинним-гап ўтмас.
Болхона-уйнинг иккинчи қавати.
Шаллоқ-калтак ейиш.
Пашшахўрда-докадан тикилиб сўрига ўраб қўйилади, пашша чақишидан асрайди.

ГУЛБАҲОР ЖУМАЕВА.

27 июл. 2020 йил.



_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Facebook — Китоб ҳокимлиги

Шарҳ ёзиш