Минерал-хом ашё базаси янги тартиб бўйича ривожлантирилади

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Вазирлар Маҳкамасининг 19.05.2020 йилдаги «Минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 297-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат Президентнинг 18.11.2019 йилдаги «Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4522-сон қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилди.

 

Тасдиқланган Низомга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

  • Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ер ости бойликларининг геология-қидирув ишларини ўтказишни ташкил этиш тартиби;
  • ер ости бойликларини геологик ўрганиш, минерал хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ўрта (3 йилгача) ва узоқ муддатли (5 йилдан 15 йилгача) истиқболга мўлжалланган давлат дастурларининг асосий вазифалари;
  • объектларни танлаш мезонлари ҳамда дастурларни шакллантириш тартиби ва муддатлари.

 

Йиллик давлат дастурига киритиладиган ҳар бир объект бўйича техник кўрсаткичлар билан бир қаторда инфратузилмани яхшилашга зарур бўлган маблағларнинг ҳисоби амалга оширилади, капитал қўйилмалар ва асбоб-ускуналарни харид қилишга зарур харажатлар ҳужжатлар билан асосланади.

 

Минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури лойиҳаси Давлат геология қўмитасининг илмий-техник кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Сўнгра лойиҳа Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Энергетика вазирлигига келишиш учун киритилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________


Darakchi.Uz

Манба: Norma.Uz

Шарҳ ёзиш