Коронавирус: Оғир аҳволдаги беморлар акс этган видеоларни тарқатиш керакми? Отабеков бунга изоҳ берди

Муҳаббат ила баҳамлашинг



9 июль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида коронавирус бор нарсалигига шубҳа билан қараб, чекловларни писанд қилмаётганлар ҳам учраётгани ҳақида сўз борди.

Kun.uz мухбири аҳоли орасидаги ана шундай фикрларга қарши чора сифатида таъсирчанроқ ташвиқот олиб бориш масаласида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековга мурожаат қилди.

«Одамлардаги шубҳа-гумонларга ўзим ҳам бир неча марта дуч келдим. Бундай гумонларга барҳам бериш учун ташвиқот ишларида янада қатъийроқ, кескинроқ бўлиш мақсадга мувофиқ эмасми? Шахсини очиқламаган ҳолда, беморларнинг вафот этиш онларини намойиш қилиш каби кескин чоралар кўриш фойдали бўлмайдими? Кўп давлатлар, шу жумладан, Европа мамлакатларида бу каби чоралар кузатилмоқда», – дея савол берди Kun.uz мухбири.

Нурмат Отабеков ушбу фикрни қўллаб-қувватлашини билдирар экан, сўнгги вақтларда бу каби видеотасвирлар ўзбек ОАВда ҳам эълон қилинаётганини таъкидлади.

«Ҳақиқатан ҳам, Европа давлатларида коронавирусга чалинган ва оғир аҳволда ётган беморларни телевидение орқали кўрсатиш амалиёти тез-тез учраб турибди. Биз бу ҳақда жуда кўп гапиряпмиз, айрим ОАВга берган интервьюларимизда касалликдан соғайиб чиққан эмас, касаллик билан курашиб ётган одамларни кўрсатиш ҳақида айтганмиз.

Эътироф этишим мумкин, кейинги вақтларда бунақа маълумотлар бизнинг ОАВда ҳам бериб бориляпти.

Албатта, одамларни ҳушёрликка чақириш учун бу амалиётни қилиш керак. Керак бўлса, ушбу касалликка чалиниб, уни оғир ўтказиб, базўр саломатлигини тиклаб, эндигина оиласи бағрига қайтганлардан интервью олиш керак. Улар ўз кечинмаларини кўпроқ сўзлаб берса, назаримда, кўпроқ самара бўлиши мумкин», – деди Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш