КИТОБДА КАРАНТИН…

Муҳаббат ила баҳамлашинг

КИТОБДА КАРАНТИН
ёхуд
кимдир айтиши керак бўлган гаплар

Кўргулик.
Инсоният бошида турли бало-қазоларнинг давомида техника тараққиёти ва тиббиёт ривожланишини “бир тийинга олмаган” коронавирус ҳам бор экан. Бутун дунёдаги вазият ва юртимизда тобора оғирлашаётган ҳолатни такрор гапиришдан маъни йўқ. Ҳаммамизга алифбо каби ёд бўлиб кетган муҳофаза чораларини яна айтишдан мантиқ кўрмаяпман. Турли рақамлар ва статистика билан миянгизни ачитиш ниятим ҳам йўқ. Шунчаки, бу глобал муаммо инъикоси бизнинг кичик туманимиз миқёсида қандай акс этаётганлиги ҳақидаги шахсий кузтувларимни сизга илиндим.

1. “Йўқолган вирус”

Сўнгги пайтларда урчиган гап-сўзлардан бири “Вирус аслида йўқ нарса, ўйлаб топилган бу чора билан “юқоридагилар” пул ювиш ва турли молиявий қинғирликлар қилишяпти” деган фикр бўлмоқда. Бу гап-сўзларни тарқатаётганлар бирорта танишлари вирус билан касалланмаганликларини рўкач қилишади. “xabar.uz” интернет нашри бу ҳақда алоҳида мақола ҳам эълон қилди. Ўқимаганлар бўлса, бирров кўз югуртириб чиқсангиз бўлади.
Аслида, бу каби фейк, яъни асоси йўқ хабарларнинг тарқалишидан кимлардир манфаатдор бўлади. Унга ҳеч қандай шахсий фикр доирасидаги таҳлилсиз ишонувчилар эса маҳалла хотинлари мисол хабарни “конвейердан” ўтказиб юбораверишади. Қарабсизки, тайёр миш-миш урчиб турибди-да! Ўзларини Суқрот мисол билимдон ҳисоблайдиган бу каби “гап ташувчи машиналар” қошларини кериб бировга гап уқтираётиб, ўзлари ҳам бу ёлғонга ишонганликларини билмай қолишади.
Агар вирус йўқ бўлса, унда бутун дунё раҳбарлари келишиб олишган эканда?! Энг ривожланган давлатлар, катта компаниялар, корпорациялар доллар ҳисобида миллиардлаб, эҳтимол, триллионлаб зарар кўраётган бир пайтда “вирус йўқ” дейиш қайси мантиққа тўғри келади? Ундан кўра Жуманазар бобонинг коинотда 120 нафар фарзанди борлигига ишониш осонроқ эмасми? Ёки ишонишингиз учун қайсидир яқинингиз ёки ўзингиз (астағфуриллоҳ) вирус юқтиришингиз керакми?
Менимча, бу каби миш-мишлар карантинда зерикиб, кўчага чиқиш, аввалги ҳаёт тарзига қайтишни истаётганлар ва бошқаларниям шунга ишонишини хоҳлаётганлар томонидан тўқилган. “Фалон жойдаги сигир оқ эмас, қора рангли сут берганмиш” қабилидаги хабарларга чиппа-чин ишонадиганлар бор экан, бундай миш-мишлар урчийверади. Шу холос. Бундай гап-сўзлардан баландроқ бўлинг. Ўзингизни асранг!

2. Транспорт, тирбандлик ва тўғри йўл.

Биласизми, автомобилнинг қиммат ва чиройли рақамлари, тонировка нархи ва GMнинг инсофсизлиги ҳозир ўнинчи даражадаги масала. Биринчи масала эса кўчада бор автомобиль билан қандай юриш. Кечадан карантин қатъийлашди. Машиналар оқими эса сезиларли камайгани йўқ. Нега? Чунки одамлар “Уйда қолинг!” чақириғига амал қилишмаяпти. Икки боғ кўкат учун ҳам бозорга бораётганлар бор экан, “Шодлик” тўйхонаси ва “Агробанк” олдида калит ўйнатиб турган учар таксистлар кўпаяверади. Ҳа, эътироз билдирмоқчисиз: “Одамлар тирикчилик қилиши керакку!” Албатта. Одамлар ишга бориш керак, таксистнинг ҳам бола-чақаси бор, бозордаги сотувчининг ҳам. Аммо тегишли назорат бўлмас экан, “мақсадсиз” кўчага чиқиш ҳоллари асло камаймайди.
Таклифим, қишлоқ ва маҳаллалардан чиқишда жамоатчилик назорат масканлари тикланиши керак. Ҳеч бўлмаганда ўша ҳудуд профилактика нозири, фаоллар машиналарни текшириб ўтказишсин! Ишга бораётганлар, тадбиркорлар, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам каби зарурий ҳолларда автомобиль салонида ҳайдовчидан ташқари кўпи билан рухсат берилган икки киши бўлсин. Марҳамат, йўл очиқ. Аммо “касал кўргани”, “бозорлиққа”, “айлангани”, “битта ишим бор эди” каби важ-карсонлар билан кетаётганлар учун “қизил чироқ”. Қарабсизки, туман марказига киришдаги блок-постларда муаммолар камаяди, тирбандликлар бўлмайди. Бунинг иш беришини шахсан кузатганман. ҚФЙ ёки МФЙ дан чиқишда назоратнинг ўрнатилганлиги натижасида: “Йўл ёпиқ, участкавой турибди, ГАИ ҳам, гвардия ҳам бор, тинчгина уйда ўтирақолай” деб кўчага ҳафталаб чиқмаганларнинг гувоҳи бўлганман. Мақсад кимнингдир йўлини тўсиш ёки ишига халал бериш эмас, мақсадсиз кўчага чиқишнинг олдини олишдир. Дарвоқе, бирламчи озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари кўчма дўконлар орқали дарвозангиз тагигача боришяпти. Нарх бозордан бироз қимматми? Соғлигингизчи, ундан арзонми? Ҳарҳолда, сарсонгарчилик, йўлкира ва шу иссиқда юк кўтаришдан қутуласиз.
Уйда қолинг!

3- Бечора ниқоблар

Ҳақиқат нима, биласизми? Бугуннинг ҳақиқати шуки, ўзимизни ўзимиз асрашимиз керак. Эшматнинг касрига Тошмат қолмасин.
Ниқобимиз нафас йўлларидан кўра иягимизга кўпроқ хизмат қиляпти. Максимал 3-4 соат тақилиши керак бўлган ниқобни 15 кунлаб тақаётган ҳам ўзимиз. Дорихоналарда белгиланган стандартлар асосида ишлаб чиқарилган тиббий ниқоб ўрнига ишлаб чиқарувчиларнинг матодан қилинган, ҳимоя кўрсаткичи номаълум маҳсулотини афзал билган ҳам ўзимиз. Ниқоб тақишимиз вирусдан эмас, жаримадан сақлаши учундек гўё… Баъзи ниқобларга қараб раҳминг келади. Эгасига ҳам…

4-Муддао

Карантин чораларининг бироз юмшатилганлиги аҳоли томонидан нотўғри талқин қилинди. Бу менинг эмас, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабековнинг фикрлари. Эндиги йигирма кунлик кучайтирилган карантин мавжуд аҳволни ўнглашга хизмат қилиши керак. Китоб туманида ҳозирча касалланганлар йўқ, илоҳим бўлмасин ҳам. Аммо, азизлар, сўнгги хабарларга таянадиган бўлсак, вазият биз ўйлагандан бошқачароқ, мураккаброқ эканлиги ойдинлашади. Бир қанча юртдошларимизда коронавирусга тест олинганда натижа мусбат чиққан. Аммо ўша одам соғлигида ҳеч қандай ўзгариш сезмаган. Бу симптомсиз зарарланиш дейилади. Симптомпсиз (яъни касаллик белгиларисиз) зарарланган шахс вирус натижасида касаллик намоён бўлган бемордан кўра хавфлидир. Улар ўзларида вирус борлигини билмасдан ўнлаб, балки юзлаб одамлар билан мулоқотда бўлишади. Натижада эса касаллик манбаини топиш ва занжирни узиш мураккаблашади. Симптомсиз касал бировга юқтириши жудаям осон ва тарқалиш масштаби кенг бўлади. Демак “бизнинг туманда касаллик қайд этилмади” деб хотиржам бўлиш мумкин эмас. Хулоса шуки, бу бало ҳар жойда, ҳар қачон, ҳар кимда бўлиши мумкин. Мақсад эса йигирма кунлик карантиндан сўнг касалланиш ва ўлим кўрсаткичини максимал камайтириш, туманимизни “яшил ҳудуд” сифатида сақлаб қолиш бўлиши керак.
Барчамиз сентябрдан мактаблар очилишини, тўйлар қилишни, гап-гаштакларимиз ва ўтиришларимиз давом этишини, ҳеч ким тўхтатмаса, истаган жойимизга боришни, севимли ишимиз билан шуғулланишни истаймиз. Бунинг учун эса барчасини ўзимиздан бошлайлик.
Рози бўласиз.
Саломат бўлинг!
Ж. Усмонов


_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Facebook — Китоб ҳокимлиги

Шарҳ ёзиш