Интернетда коронавирусга қарши қўлланилувчи дорининг кўп реклама қилинганлиги юзасидан расмий баёнот берилди

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Сўнгги пайтларда ОАВда, жумладан интернет, ижтимоий тармоқлар ва Телеграм каналларда “Коронавирусга қарши препарат янада арзонроқ ва қулайроқ. “ТИСОВИР” (фавипиравир) кенг таъсир доирадаги вирусга қарши препарат!” реклама видеоролиги кенг тарқалган бўлиб, бу кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади:

“Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан, шифокорнинг кўрсатмаси (рецепти) бўйича бериладиган дори воситалари ҳамда таркибида гиёҳвандлик воситалари ва (ёки) психотроп моддалари бўлган дори воситаларини реклама қилиш тақиқланади.

Рецепт билан бериладиган дори воситаларининг рекламасига фақат дори-дармон воситаларини тайинлаш ва тарқатиш ҳуқуқи бўлган мутахассислар томонидан фармацевтика соҳасига оид маълумот-ахборот марказлари ёрдамида, ихтисослашган махсус нашрларда, конференция, симпиозум, кўргазмаларда йўл қўйилади.

Оммавий ахборот воситаларида фақатгина шифокор рецептисиз бериладиган дори воситаларини реклама қилишга рухсат этилади, бунда, шифокор рецептисиз бериладиган дори воситалари рекламаси тушунарли тилда баён қилиниши, дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан, халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи ҳамда дори воситасидан фойдаланиш ҳақидаги ахборот ва уни қўллаш учун асосий кўрсатмалардан иборат бўлиши лозим.

Шу билан бирга, дори воситалари, даволаш усуллари, умуман, инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлган рекламалар истеъмолчиларда шифокор кўригидан ўтиш ва унинг кўрсатмаларига зарурат мавжуд эмас, деган фикрни шакллантирмаслиги лозим.

Ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётган “ТИСОВИР” (фавипиравир) кенг таъсир доирадаги вирусга қарши препарат! У барча РНК типидаги вирусларни, шу жумладан, SARS-Co-V2 янги коронавирус инфекцияси қўзғатувчисини (Covid-19) ингибирлайди. “ТИСОВИР” (фавипиравир) Ўзбекистон Республикаси ва бошқа етакчи давлатларнинг SARS-Co-V2 га қарши даволаш стандартларида мавжуд” мазмунида реклама ахборотлари жойлаштирилганлиги кузатилди.

— биринчидан, ушбу дори воситаси шифокор рецепти асосида бериладиган препарат ҳисобланади. Шу муносабат билан, уни оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик учун реклама қилиш мумкин эмас.

— иккинчидан, рекламада қўлланилган “кенг таъсир доирадаги вирусга қарши препарат! У барча РНК типидаги вирусларни, шу жумладан, SARS-Co-V2 янги коронавирус инфекцияси қўзғатувчисини (Covid-19) ингибирлайди” ибораси умуман (илмий, амалий) асосланмаган, яъни нотўғри реклама ҳисобланади.

Юқоридагиларга асосан, “ТИСОВИР” (фавипиравир) дори воситаси рекламаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда жойлаштирилган.

Ўз навбатида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида (телевидение, радио, босма нашрлар), интернет ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган реклама ахборотларининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан доимий равишда мониторинг кузатувлари ўтказиш ҳамда тегишли тезкор таъсир чораларини кўриш йўлга қўйилган.

Хусусан, жорий йилнинг июнь-июль ойлари давомида ижтимоий тармоқларда 30 та ҳолатда биологик фаол қўшимчалар (БАД) рекламаси амалдаги реклама қонун ҳужжатлари талбаларига зид равишда амалга оширилаётганлиги аниқланиб, кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида улар фаолиятига чек қўйилган (рекламалар бартараф этилган).

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Uzreport.Uz

Шарҳ ёзиш