Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки чекланади | NORMA.UZ

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Президентнинг 06.07.2020 йилдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6019-сон Фармони қабул қилинди.

 

Фармон билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) ўз фаолиятида Олий Мажлис Сенати ва Президентга ҳисобдорлиги белгиланди.

 

Қўмита амалга оширишда бевосита Президентга мунтазам равишда ахборот киритиб борадиган вазифалар рўйхати белгиланди.

 

Қўмита республикада эркин ва рақобатбардош бозорни шакллантириш бўйича олдига қўйилган вазифаларни ҳал қилишда ҳамкорлик қиладиган Вазирлар Маҳкамасининг бўлинмалари ва бошқа давлат тузилмалари белгиланди.

 

Шундай тартиб ўрнатилмоқда, унга мувофиқ 2020 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • тармоқ ва соҳаларда ваколатли этиб белгиланган давлат бошқаруви органларининг асосий вазифаларидан бири рақобат муҳитини яхшилаш ва уни ривожлантириш ҳисобланади;
  • давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг (мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадларида бундан мустасно) ташкил этилишига қуйидаги ҳолатларда йўл қўйилмайди:

а) битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган соҳаларда;

б) давлат органлари томонидан ўзларига лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган соҳаларда;

  • рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган бошқа шартлар ҳам ёзилган.

 

Бизнесга қўшимча чекловларни белгиловчи ёки рақобат муҳитини ривожлантиришни тўхтатиб турувчи бандларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қабул қилиш тартиби белгиланди. Улар фақат Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда Қўмитанинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаши натижалари асосидаги хулосалари мавжуд бўлсагина қабул қилинади.

 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Қўмита билан биргаликда бир ой муддатда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш топширилди.

 

Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2020 — 2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»;
  • тадбиркорлик фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ялпи хатловдан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси;
  • 2024 йилгача бўлган даврда ўзларига тартибга солиш бўйича бириктирилган тармоқларда рақобатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш учун масъул вазирлик ва идоралар рўйхати;
  • 2021 йил 1 январдан бошлаб тажриба (синов) тариқасида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати.

 

Фармон билан Қўмитага манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни, шунингдек рақобат муҳитини ривожлантиришни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчаларни ишлаб чиқиш ва киритиш топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.07.2020 йилдан кучга кирди.

 

Баҳодир Қаюмов.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________


Darakchi.Uz

Манба: Norma.Uz

Шарҳ ёзиш