“Coca-cola” давлат улуши хусусий инвесторга сотилади

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Молия вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” устав капиталидаги давлат улуши хусусий инвесторга сотилади. Айнан шундай вазифа озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиб соҳага замонавий ишлаб чиқариш ва бошқарув технологияларини жорий этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Фармойиши билан белгиланди.

Ушбу жараённинг самарадорлиги ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Инвесторлар билан ишлашни ташкил қилиш, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида дунёнинг етакчи банкларидан молиявий маслаҳатчи сифатида JP Morgan, Rothschild & Co, Credit Suisse банклари орасидан бири танланади.

Шунингдек, «Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёнини умумий мувофиқлаштириш, шу жумладан биринчи босқичда компанияни баҳолаш (due diligence), сотиш стратегиясини ишлаб чиқиш, бизнес план ва молиявий модель тайёрлаш вазифалари қўйилади. Иккинчи босқичда салоҳиятли инвесторларни аниқлаш учун рақобат жараёнини ташкил қилиш, мунозараларда иштирок этиш, энг яхши таклифни танлаш бўйича маслаҳат бериш, сотиш ҳужжатларини тайёрлаш ва имзолашни ташкил қилиш хизматларини тақдим этадилар.

Бундай ёндашув хусусийлаштириш савдосини шаффоф ва самарали ўтказиб, келгусида хусусийлаштиришга инвесторларни жалб қилиш учун намуна, ёки бенчмарк бўлади. Ушбу жараёндан асосий мақсад — компанияни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнига янги технологияларни жалб қилиш, корпоратив бошқарувни яхшилаш орқали компаниянинг самарадорлигини ошириш имконини беради.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Uzreport.Uz

Шарҳ ёзиш