Бугун – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни…

Муҳаббат ила баҳамлашинг

Бугун – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
ИЖОДКОРЛАРИМИЗДАН БИРИ
Китоб шаҳри марказининг бундан эллик-олтмиш йил олдинги қиёфаси ҳақида тасаввур қилмоқчи бўлган киши Абдуазиз Холиқовни қидириб қолади. Негаки Абдуазиз ака Китоб тумани яқин тарихининг жонли шоҳиди, қаерда қачон нима қурилган, қаерга кимлар келган, раҳбарият нималарни амалга оширган, барини суратларда муҳрлаган. Унинг архивида ўша пайтдаги республика раҳбари Шароф Рашидов, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов бошқа таниқли ижодкорлар, санъаткорлар, раҳбарларларнинг ҳеч қаерда эълон қилинмаган сувратлари бор.
Нафақат таниқли инсонлар, балки Китоб шаҳри марказининг олтмишинчи, етмишинчи йиллардаги кўриниши акс этган суратлар ҳам Абдуазиз аканинг бисотидан жой олган. Туман ҳокимлиги биноси ўрнидаги Қўрғон, Қўрғоннинг рўпарасидаги қадимий ҳаммом, ҳаммом ёнидаги мўъжазгина почта биноси, Қўрғоннинг ён томонидаги савдо дўкони, автобус тўхташ жойи, эски тор йўллар, онда-сонда учрайдиган машиналар ва ҳоказо. Ҳатто Абдуазиз ака туман марказининг олдинги ва бугунги кўринишини муқояса қилиб, “Китоб: кеча ва бугун” номи остида кўргазма ҳам ташкил этган.
Абдуазиз акага хос хислатлардан бири унинг ижодкорлигидир. Туширган суратларининг ҳар бири жонли, мазмунли. Аслида у фаолиятининг бошидаёқ фотографиянинг шунчаки нусха кўчириш эмас санъат эканини англаган. Ўз ишига ижодкорона ёндошган. Айниқса, табиат манзаралари акс этган суратларида ижодий қобилияти яққол намоён бўлган. Қуёшнинг чиқиши-ю ботиши, уфқ қизариши, ёмғир ёғиши, осмонни булутлар қоплашида шунчаки табиат ҳодисасини эмас, бетакрор гўзалликни илғаган. Бундай лаҳзаларни суратларда муҳрлаб, фото санъати кучи билан кимнингдир қалбида чўкиб ётган ҳайрат туйғуларини уйғотиб юборган. Абдуазиз аканинг “Мармар қўшиқлари” туркум ишлари, “Булутлар оғушида” ва бошқа кўплаб суратларида бетакрор ҳолат, бетакрор манзара акс этган. Шунинг учун ҳам унинг ижоди тан олинди, суратлари республиканинг қатор газеталари ва журналларида чоп этилди. Туман газетасида мунтазам ёритилди. У Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлди.
Булар-ку суврат, Абдуазиз ака воқеа ва ҳодисаларни кинотасмаларда ҳам муҳрлаб, нафақат туманда, вилоятда ҳам биринчилардан бўлиб кинофильм олишни бошлаб берган. Айниқса, унинг “Қарши чўли – Ватан гули” “Варганза анорлари”, “Китоб манзаралари”, “Қримга саёҳат” мавзуидаги фильмлари жуда ҳаётий чиққан. Кино санъати соҳасидаги фаолияти билан республика ёш киноҳаваскорлар танловида ғолибликни қўлга киритган.
Шу тариқа Абдуазиз ака 70 йиллардаёқ ҳаваскор киночи сифатида танилди. Ёшлар уйида болаларга фото ва кино тўгаракларига раҳбарлик қилиб, ўнлаб шогирдлар тайёрлади. Уларни касбга йўналтирди, дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлади. Абдуазиз ака бошлиқ тўгарак аъзолари Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўтказилган ёш киноҳаваскорлар фестивалида муваффақиятли иштирок этишди. Унга Ўзбекистон халқ таълими аълочиси кўкрак нишони берилди.
Кейинчалик Абдуазиз Холиқов тумандаги йирик тадбирлар, тантаналар, байрамларни видиотасвирларда муҳрлай бошлади. У биз учун одатдаги кун бўлиб туюлган бундай дамлар вақт ўтиб Китобнинг тарихига айланишини яхши билган ва шунинг учун архивида айни пайтда фотосуратлар, кинотасмалар билан бирга видиотасвирлар ҳам талайгина.
Абдуазиз ака Китоб туманида 1996-1998 йилларда телевидение фаолиятини йўлга қўйганини алоҳида таъкидлашга тўғри келади. Қисқа фурсатда телевидение орқали туман ҳаётига оид эсда қоларли кўрсатувлар тайёрлашга муваффақ бўлди. Айниқса, китоблик хотин-қизлар ҳаёти ёритилган “Саодат” телеойномаси ўз мухлисларини топиб олди. Замондошларимиз фаолияти, ибратли оилалар ҳаёти, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолликларини ошириш билан боғлиқ ва бошқа ўнлаб тадбирлар ойноманинг бош мавзулари эди.
Абдуазиз аканинг навбатдаги иши Санъат саройи орқа томонида мўъжазгина музей ташкил этгани бўлди. Музейда туманнинг яқин тарихини акс эттирувчи ўнлаб фотоларни жойлаштирди.
Ўз соҳасида Абдуазиз аканинг шогирдлари жуда кўп. Унинг қобилиятли шогирдлари орасида фарзандлари Адҳамжон билан Ойбек ҳам бор. Отадаги ижодкорлик ўғли Адҳамжонга ҳам юққан. Адҳамжоннинг бисотидаги суратлар орасида Китоб табиати манзараларининг ўзи бир альбом.
Шу кунларда улар оталари бошчилигида ташкил этилган “Камалак” фотостудияси орқали элга хизмат қилиб келишмоқда.
Лола ЎРОҚОВА.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси






_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Facebook — Китоб ҳокимлиги

Шарҳ ёзиш