Бугун 3 июнь – Бутунжаҳон велосипед куни!

Муҳаббат ила баҳамлашинг



2018 йил апрель. БМТ навбатдаги Бош Ассамблеясида бир қатор масалаларни кўриб чиқар экан, инсон саломатлигини яхшилаш, дунё аҳолисининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида қатор лойиҳалар устида изланиб, улар орасида энг мақбули – велосипед тарғиботини маъқуллади. Шунда 3 июнь – Бутунжаҳон велосипед куни деб эълон қилинди ва бутун дунё бўйлаб бу сана катта байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.

Дарҳақиқат, жаҳоннинг кўплаб мамлакатида муҳим транспорт воситасига айланиб улгурган велосипед инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ҳам беқиёс фойдалидир. Ундан спорт мақсадида шуғулланиш эса мисли кўрилмаган даражада самарали. Велоспорт билан мунтазам шуғулланадиган инсонларда ҳозирда кўп учрайдиган юрак-қон томир тизими ва қандли диабет касалликлари деярли учрамайди. Қисқача қилиб айтганда, бу транспорт узоқ умр кўриш гарови, десак муболаға бўлмайди.

Ўз навбатида Ўзбекистонда ҳам велоспорт истиқболи йилдан йилга юқори босқичга чиқиб бормоқда. Буни 2019 йил Тошкентда Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи велошоссе бўйича Осиё чемпионатининг ўтказилгани, 2 нафар спортчимиз Муроджон Холмуродов ва Ольга Забелинская Токио Олимпиадасига йўлланма олгани каби мисоллар билан ифодалаш айни муддао. Ўзбекистонда ушбу спорт турининг порлоқ келажагини кўриш мумкин. Зеро, ҳукуматимиз, шунингдек, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева бошчилигида каттадан катта дастурлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда шу пайтгача велоспортнинг шоссе ва трек йўналиши ривожланган бўлса, эндиликда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган янги йўналиш бўйича ҳам пойдевор қўйилди. Куни кеча Жиззах вилоятида велоспортнинг ВМХ йўналиши бўйича янги трассанинг қурилиш ишлари бошланди. Бу эса келгусида мазкур йўналишда ҳам номдор спортчиларга эга бўлиш, Ўзбекистонда янада катта мусобақаларни қабул қилиш имкониятини тақдим қилади. Қолаверса, келгуси йилдан ҳам аёллар, ҳам эркаклар ўртасида профессионал жамоалар ташкил қилиш каби истиқболли режалар ишлаб чиқилган бўлиб, давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида буларнинг барчасини биргаликда уддалаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги Бутунжаҳон велосипед куни билан барча велоспортчилар ва ушбу спорт мухлисларини муборакбод этиб қоламиз.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Uzreport.Uz

Шарҳ ёзиш