Безгакка қарши дорилар коронавирусга қарши: гидроксихлорохиннинг самарадорлиги ҳақида нималар маълум?

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус билан курашда безгакка қарши қўлланадиган гидроксихлорохиндан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида ишончли далиллар йўқ деган даъволарига қарамай, АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги брифингда ушбу препаратни профилактика мақсадида қабул қилиш бошлангани ҳақида маълум қилди. 

Бундан ташқари, АҚШнинг озиқ-овқат ва фармацевтика воситалари сифатини назорат қилувчи идораси (FDA) апрель ойида коронавирусга қарши курашда гидроксихлорохиннинг хавфсизлиги ва самарадорлиги тўғрисида далиллар мавжуд эмаслиги тўғрисида тавсиялар берганди. 

Ушбу препарат ёрдамида Covid-19 касаллигининг олдини олишга келсак, ҳозирги вақтда гидроксихлорохин ёки шунга ўхшаш дорилар коронавирус инфекцияси олдини олиш имконига эгалиги ҳақида ишончли далиллар йўқ, ваҳоланки бу йўналишда клиник тадқиқотлар бир қатор мамлакатларда, хусусан АҚШ, Буюк Британия, Испания ва Хитойда олиб борилмоқда. 

Гидроксихлорохин нима ва у нима учун ишлатилади?

Трамп коронавирусга чалинишнинг олдини олиш учун безгакни даволашга мўлжалланган препарат — гидроксихлорин қабул қилаётганини маълум қилди.

Гидроксихлорохин препарати хлорохиннинг нисбатан сўнгги ва камроқ токсик таъсирга эга талқини, у вирусларга ва яллиғланишга қарши кучлироқ таъсирга эга. 

Хлорохин одатда безгак, баъзи протозоал (танада бўлиниш орқали кўпаювчи) инфекциялар, ревматоид артрит ва қизил силни даволаш учун буюрилади.

Ушбу дориларнинг иккиси ҳам кардиотоксик хусусиятга эга ва айниқса юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммоларга эга беморларда аритмия ва тахикардия ривожланишига олиб келиши мумкин — бу ҳақда FDA огоҳлантирган ва бу билдириш ушбу икки дори воситасидан Covid-19’ни амбулатор шароитда даволашда ёки клиник тадқиқотларда фойдаланиш билан боғлиқ хабарлар асносида янграган.

АҚШда ветеранлар касалхонасининг 368 беморида ўтказилган клиник синовга кўра, гидроксихорохинни қабул қилган Covid-19 беморларида ўлим даражаси стандарт даволаниш курсини олганлардан юқори бўлган.

Вирусларга қарши моддаларни тадқиқ қилиш бўйича халқаро жамият вице-президенти, профессор Кэтрин Сели-Радтке ҳам хлорохинга унинг Covid-19’ни даволашдаги самарадорлиги тўғрисида далиллар бўлмай туриб жуда катта эътибор берилаётганини таъкидлади. 

«Энг муҳими, бу хавфли ножўя таъсирга олиб келиши ва одамларга нотўғри умид бағишлаши мумкин», деб ёзади профессор sciencealert.com сайтида. 

Нега бир қатор мамлакатларда безгакка қарши воситалардан Covid-19’ни даволашда қўлланилмоқда?
Covid-19’ни келтириб чиқарадиган SARS-Cov-2 коронавирус штамми яқинда пайдо бўлгани сабабли, у янги ва яхши ўрганилмаган, шунинг учун бемор танасининг у юзага келтирадиган асоратларни енгишига ёрдам берадиган тасдиқланган муайян бир дори мавжуд эмас.

Шу сабабли, дунё бўйлаб кузатилаётган бу каби вазиятларда шифокорлар баъзи мавжуд дори-дармонларга улар рўйхатдан ўтган кўрсаткичлардан ташқари, яъни мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолда ишлатиш амалиётига мурожаат қилишлари мумкин. 

Қайси мамлакатларда Covid-19’ни даволашда безгакка қарши дорилардан фойдаланишга рухсат берилган?
АҚШда март ойининг охирида FDA фавқулодда чоралар сифатида шифохонадаги чекланган ҳолатларда Covid-19’ни даволаш учун хлорохин ва гидроксихлорохинни қўллашни тасдиқлади. 

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Covid-19 профилактикаси, ташхиси ва даволаш бўйича вақтинча тавсияларида, безгакка қарши дорилар истиқболли деб кўрсатилган. Бундай профилактика фақат аҳолининг айрим гуруҳларига икки ҳолатда тавсия қилинади: Covid-19 тасдиқланган ҳолати билан бир марталик алоқадан сўнг ва инфекция ўчоқларида бўлган одамларда постконтакт профилактикаси учун. 

Францияда шифокорлар ҳам ушбу дориларни коронавирус билан оғриган беморларга буюришлари мумкин. 

Ҳиндистонда гидроксихлорохинни истеъмол қилиш соғлиқни сақлаш ходимлари профилактикаси, шунингдек, коронавирус билан касалланган бемор билан алоқада бўлганлар ва шифокорининг кўрсатмасини олганлар учун тавсия этилади.

Яқин Шарқнинг бир қатор давлатлари, жумладан, Баҳрайн, Марокаш, Жазоир ва Тунис, ушбу дориларни ишлатишга рухсат берган ёки клиник синовлардан ўтмоқда. 

Шу билан бирга, бутун дунёдаги мутахассислар безгакка қарши дориларни ўзбошимчалик билан буюриш ва назоратсиз ишлатишдан сақланишни, улардан фақат экспериментал дори сифатида ва фақат фавқулодда ҳолатларда қўлланилиши кераклигини таъкидлашмоқда.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш