Алкоголь маҳсулоти билан улгуржи савдо қилиш учун лицензия қандай олинади

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Вазирлар Маҳкамасининг 20.05.2020 йилдаги «Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби, шунингдек лицензия талаблари ва шартларини бузганлик учун қўлланадиган чоралар ва санкциялар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 301-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат Президентнинг 5.02.2019 йилдаги «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5656-сон Фармони ҳамда Президентнинг 5.02.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4162-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

 

Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятини лицензияловчи орган ҳисобланади.

 

Тасдиқланган тартибга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

  • лицензия талабгорига қўйиладиган талаблар;
  • лицензия талабгори аризасини кўриб чиқиш ва у бўйича қарорлар қабул қилиш муддатлари;
  • лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш тартиби;
  • санкцияларни қўллаш ва лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш;
  • ундириладиган йиғимлар ва лицензия тўловлари миқдорлари.

 

Лицензия учун ариза ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан кейин Инспекция томонидан 5 кун ичида санитария-эпидемиология осойишталик марказларидан, ФВВ ҳудудий бўлимлари ва Ғазначиликдан маълумотлар сўраш йўли билан олинади. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза қабул қилинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади. Қабул қилинган қарор тўғрисида бир иш куни мобайнида хабарнома юборилади.

 

Устав фонди 1 000 БҲМдан кам бўлмаган юридик шахслар алкоголь маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланишга ҳақли бўладилар. Белгиланган лицензия талаблари орасида алкоголь маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тарқатишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга қатъий риоя қилиш ҳам бор.

 

Шу билан бирга, улгуржи савдо қилувчи этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими иштирокчиси бўлиши, шунингдек ДСҚнинг ахборот тизимига интеграциялашган электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиши шарт.

 

Ҳужжатларни кўриб чиққанлик учун йиғим 5 БҲМни, бир йиллик лицензия тўловлари 200 БҲМни ташкил этади.  

 

Маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларнинг улгуржи савдоси бўйича фаолият билан шуғулланиш учун лицензия талаб этилмайди.

 

Шаҳар (туман) ҳокимликлари томонидан «Шаробсавдо» улгуржи базаларига илгари берилган лицензиялар 3 ой муддатда қайта расмийлаштирилиши лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________


Darakchi.Uz

Манба: Norma.Uz

Шарҳ ёзиш