4 соат ичида 4 фаслни кўриш мумкин бўлган вилоят

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Бу қайси вилоят эканлигини биласизми? Келинг, унда жавобга яқинроқ борамиз: баъзи туманларидаги аҳоли 1000 йиллардан бери араб тилида гаплаша оладиган вилоят. Ҳалиям тополмадингизми? Ўзбекистондаги жами газнинг 80 фоизи шу вилоятда қазиб олинади. Пахта етиштириш бўйича республикада 1-ўринда турадиган ёки энг кўп тарвуз етиштирадиган вилоят. Ҳа, бу Қашқадарё вилояти эди. Вилоятга ижодий ташрифимиз давомида воҳанинг иқтисодий салоҳияти, камбағалликка курашиш ва “темир дафтар” юритишдаги Қашқадарё тажрибасини ўргандик. 

Экотуризм учун зўр сабаб

Биз Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрини Амир Темурнинг юрти сифатида сайёҳларни жалб қилиш учун сабаб қилишимиз мумкин. Лекин Қашқадарё вилояти ҳокимининг 1-ўринбосари Ойбек Шаказатов ОАВ вакиллари билан ўтган брифингда вилоятдаги экотуризм учун ҳам асосли сабаб борлиги ҳақида гапирди: 

—Шаҳрисабз тоғларида ҳозир ҳам қор бор. Миришкорда эса ёзнинг жазирамаси. Вилоятда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Айтайлик, сайёҳларга 4 соатнинг ичида йилнинг 4 та фаслини кўрсатиш мумкин. Экологик туризмни кўрсатиш учун жуда яхши мисол бу. 

Фақат туризмми? Пандемия ва камбағалликка қарши курашишга барча вилоят ва ҳатто туманлар даражасида ўз имкониятидан келиб чиқиб ёндашишни талаб этади. Ойбек Шаказатовнинг таъкидлашича, Қашқадарё вилояти Саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган вилоят. Демак, айнан шу ўсиш нуқталарига эътибор қаратиш орқали вилоятнинг иқтисодий аҳволи ва камбағаллик даражасини яхшилаш мумкин. Янги иш ўринлари яратилса, ўзлаштирилмаган ерлар ўзлаштирилса, у ерда кимлар ишлайди? Албатта, ишсизлар. Бу билан аҳоли даромади ошади, уйига пул қиради. Хўш, бу борада масъуллар вазифаларини қанчалик уддалаяпти? 

Вилоят тарихида бўлмаган цемент завод ва бошқа лойиҳалар

Ойбек Шаказатов, Қашқадарё вилояти ҳокиминг1-ўринбосари:

Вилоят қурилиш материаллари захираларига жуда бой. Шунинг учун Китоб туманида вилоят тарихида бўлмаган катта лойиҳа – 150 миллион долларлик цемент заводи қурилмоқда. Чироқчи туманида эса 15 миллион долларлик газобетон ишлаб чиқариш лойиҳаси тайёрланган. Захира имкониятлари кўп. Биз бу лойиҳалар билан чекланмасдан, яна давом эттирамиз.

Маҳсулот учун харидор бор

Ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин сифатида экспортбоп маҳсулотлар экиляпти. Вилоятда асосан мош ва ловия етиштиришга катта эътибор қаратилган. Етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш учун экспортер ҳам тайёр турибди. Экин экканлар маҳсулотни кимга сотар эканман, деб ўйлаб ҳам ўтирмайди. Бундан ташқари, 2000 гектар адирлик ерлари томчилаб суғориш асосида ўзлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда:

  • 720 миллиард сўмлик 401 лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 700 дан зиёд янги иш ўрни;
  • қишлоқ хўжалиги йўналишида 79 миллиард сўм эвазига 20 гектар майдонга замонавий гидропоника усулидаги иссиқхона барпо этилиши натижасида 200 янги иш ўрни;
  • хизмат кўрсатиш соҳасида эса “Bella tella tekstil” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 650 миллион сўмлик маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ташкил қилиш ҳисобига 52 иш ўрни яратилган.
  • Ўтган 8 ойда 3 минг 274 кичик бизнес субъекти ташкил этилган.
  • Такрорий экин экиш истагини билдирган 8 минг 406 камбағал фуқарога 4 минг 216 гектар;
  • “Ҳар бир ёшга – бир гектар” дастури доирасида 2 минг 377 йигит-қиз қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтирилиб, 1 минг 729 нафарига 1 минг 548 гектар (50 сотихдан 1 гектаргача) ер ажратиб берилди.

 

Хулоса ўрнида

Вилоят статистикасига назар ташлар эканмиз, “темир дафтар”даги аҳолига умумий фалон минг гектар иссиқхона, фалон минг гектар такрорий экин учун ерлар ажратилганлигини кўрамиз. Аммо, лекин, бироқ ҳудудларни ўрганиш давомида аҳолига шунча маблағлар сарфлаб қуриб берилаётган иссиқхонларга ҳеч нарса экилмасдан, такрорий экинлар экилган жойларда эса экинлар ҳатто ўтоқ ҳам қилинмаган ҳолатларни гувоҳи бўляпмиз. Бу ахир шунча имкониятларга ношукрлик-ку? Субсидиялар учун миллиардлаб маблағлар сарфланяпти. Буни тўғри англаб, иссиқхонлар қуриб берилдими, такрорий экин учун жой берилдими, назоратни ҳам таъминлаш, дангасаликдан, боқимандаликдан чиқариш учун турли мотивацион услублар ишлаб чиқилиб, аҳолини даромадга қизиқтириш керак. Ҳар бир қарич ер ҳосил бериши лозим. Меҳнат қилмаётганларга эса айтадиганимиз – уйғонинг. Сиз бир неча юзлаб маҳалладошингиз ичидан танлаб олингансиз. Сиз учун ҳамма қайғуряпти. Ўзингиз устингизда ишлаб, ўзингизни боқимандалик ва даромадсизликдан қутқаринг! Шунча эътибор ва ёрдамни масъулиятини ҳам билинг. Ҳар нарсанинг уволи бор.

Сардорбек Раҳмонқулов 

 

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Darakchi.Uz

Шарҳ ёзиш