Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари ишончли бошқарувга берилади

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Вазирлар Маҳкамаси 8.07.2020 йилдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 430-сон қарорни қабул қилди.

 

Ҳужжат билан қишлоқ хўжалиги машинасозлигини янада ривожлантиришнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланди:

  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини қайта кўриб чиқиш ва унификация қилиш, уларнинг сифатини яхшилаш, таннархини пасайтириш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларининг рентабеллигини ошириш;
  • 2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ замонавий молиялаштириш тизими, маркетинг сиёсати, сотишдан кейинги ва сервис хизмати кўрсатиш сиёсати назарда тутилган қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантиришнинг янги стратегиясини зарур бўлганда, хорижий консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • инвестиция дастурлари, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш дастурларини танқидий қайта кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга ички талабни қаноатлантириш, саноатнинг электротехника, автомобиль ва бошқа тармоқлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан тармоқлараро кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
  • коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизимини жорий қилиш, соҳага инвесторларни жалб этиш чораларини кўриш;
  • ҳудудларда комплекс сервис хизматлари кўрсатиш бўйича дилерлик-сервис тизимини ташкил қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги техникасига буюртмаларни шакллантириш;
  • соҳага оид бўлмаган ва норентабел активларни хатловдан ўтказиш, уларни кейинчалик хусусийлаштириш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига белгиланган тартибда бериш.

 

Давлат активларини бошқариш агентлигига тасдиқланган рўйхатга мувофиқ хўжалик жамиятлари устав капиталидаги «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖнинг улушларини (акцияларини) «Ўзавтосаноат» АЖга ишончли бошқарувга бериш юклатилди, хусусан:

  • «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖнинг 100%;
  • «Агрегат заводи» АЖнинг 99,3%;
  • «Технолог» АЖнинг 98,8%;
  • «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖнинг 89,6%;
  • «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази» МЧЖнинг 99,6%;
  • «Агросаноатмашинвест» МЧЖнинг  100% улушлари (акциялари).

 

Ҳужжат билан «Урганчозуқамаш» АЖнинг (26%) ва «Агротех-лит» МЧЖнинг (2,7%) устав капиталидаги давлат улушларини савдога қўйиш, «Агротехмаш-ДД» МЧЖ ва «Агромаш саноат инвест» МЧЖ фаолиятини тугатиш назарда тутилган.

 

Қарорда «Ўзавтосаноат» АЖнинг янгиланган ташкилий тузилмаси бир ой муддатда тасдиқланиши, «Ўзавтосаноат» АЖнинг ўз номларида «UzAuto» брендидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладиган соҳага ихтисослаштирилган алоҳида гуруҳларга ажратилган ва 100% улушли иштироки билан масъулияти чекланган жамиятлар шаклидаги бошқарувчи компаниялар ташкил этилиши ёзилган.

 

Ишончли бошқарувчиларнинг ваколатлари, вазифалари ва уларнинг хизматларига ҳақ тўлаш тартиби белгиланган.

 

Ишончли бошқарувчига манфаатдор вазирликлар, идоралар ва илгари жалб қилинган консалтинг компаниялари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи дастур ишлаб чиқилишини бир ой муддатда якунлаш топширилди:

  • ишлаб чиқарилаётган техника турларини оптималлаштириш, республикада «ягона платформа» асосида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси бюджет моделларининг миллий брендини яратиш;
  • боғдорчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик учун техника турларини, қишлоқ хўжалиги учун кичик механизация воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда умумий ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш;
  • корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, «ERP» автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини, маркетинг тадқиқотлари натижаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш ҳамда сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини жорий этиш ва бошқалар.

 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2019 йил якунларига кўра «Ўзавтосаноат» АЖ акциялари бўйича дивидендларни соф фойданинг 30%и миқдорида ҳисоблаш ва дивидендларни тўлаш муддатини пеня ҳамда фоизлар ҳисобланмасдан 2020 йил 31 декабргача белгилаш таклифи тасдиқланди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.07.2020 йилдан кучга кирди.

 

 Лола Абдуазимова.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________


Darakchi.Uz

Манба: Norma.Uz

Шарҳ ёзиш