Қишлоқ массивларида инфратузилмани ривожлантиришга $30 млн ажратилади

Муҳаббат ила баҳамлашинг


Вазирлар Маҳкамаси 7.07.2020 йилдаги «Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси иштирокида «Намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши юзасидан қишлоқ массивларида муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш (2 босқич)» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 427-сон қарорни қабул қилди.

 

27.11.2019 йилда лойиҳани амалга ошириш учун тўрт йиллик имтиёзли даврни қўшиб ҳисоблаганда 24 йилда сўндириш муддати билан $30 млн миқдоридаги қарз битими имзоланган эди.

 

Қарор билан иккинчи босқич лойиҳасини амалга ошириш доирасида йиғма кўрсаткичлар тасдиқланди, унда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши юзасидан қишлоқ массивларида ташқи муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникацияларини қуриш назарда тутилган.

 

«Қишлоқ қурилиш инвест» ИК» МЧЖ лойиҳанинг умумий амалга оширилиши ва Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси қарз маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун жавобгар бўлган ижро этувчи орган этиб белгиланди. «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК» МЧЖнинг лойиҳани амалга ошириш доирасида лойиҳа-қидирув ишланмаларини молиялаштириш ҳамда бошқа харажатлари Президентнинг 10.01.2020 йилдаги ПҚ-4565-сон қарорига мувофиқ «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК» МЧЖ учун назарда тутилган марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ҳисобидан қопланади.

 

Ҳужжат билан иловага мувофиқ қарз маблағлари юзасидан асосий қарзни, фоизлар ҳамда бошқа тўловларни сўндиришнинг режа жадвали тасдиқланди. Лойиҳа бўйича мазкур харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.07.2020 йилдан кучга кирган.

 

Лола Абдуазимова.

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________


Darakchi.Uz

Манба: Norma.Uz

Шарҳ ёзиш