Ўтганларнинг қазоси учун фидя бериладими?

Муҳаббат ила баҳамлашинг



Намоз ва рўза ўз вақтида бажарилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло томонидан бандаларига фарз қилинган амаллар жумласидандир. Қолаверса, қиёмат кунида биринчи бўлиб сўраладиган амаллардир. Шундай экан, киши бу амалларни ўз вақтида адосини, вақтида адо қилмаган бўлса қазосини, буни ҳам адо қилмаса вафотидан олдин фидясини беришни яқинларига васият қилиши, яқинлари эса марҳумнинг намоз ва рўзасини қазоларининг фидясини беришлари фарздир.

Зиммасида Рамазон рўзасининг қазолари бор киши вафот этар чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг тарафидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар. Ҳанафийлар наздида марҳумнинг фидя тўлашга васият қилиши зарурдир. Шофеъийлар наздида эса васият қилмаса ҳам яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозимдир.

Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир.

Марҳум тарафидан фидяни адо қилишнинг бир неча масалалари бўлиб, уларни билиш ҳар бир кишига зарурдир.

Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор кишига вафотидан аввал уларнинг фидясини тўлашни васият қилиш фарздир. Васият қилмай вафот этса, гуноҳкор бўлади.

Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, кафанлаш, қабрга қўйиш ва қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулк, уй-жойлари қийматининг учдан биридан унинг фидясини адо қилиш фарз бўлади. Адо қилинмаса, гуноҳ бўлади.

Агар марҳум фидя тўлашга васият қилмаган бўлса ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга раҳм-шафқат ифодасидир.

Назр рўзаларнинг фидялари ҳам Рамазон рўзасининг фидяси кабидир. Масалан, бир киши рўза тутаман, деб назр қилсаю, тута олмай вафот этган бўлса, фидяси тўланади. Ҳар душанба ва пайшанба кунларда рўза тутишни назр қилган одам тута олмай қолгани каби.

Ҳар пайшанба рўза тутаман, деб назр қилса, бирор кун тута олмай қолса, қазоси лозим бўлади.

Маййитнинг фидясини тўлаш чоғида барчасини бир пайтнинг ўзида тўлашга имкон бўлмаса, масалан: уй-жой бору, сотиб фидяни тўлаш ўрнига сотмасдан фидясини тўламоқчи, шунда оз-оздан тўлаш ҳам мумкин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
«Мўминнинг қалқони» китобидан

_______________________________________________________________________ Барча маълумотлар ва хабарлар очиқ манбалардан олинган.
Ижтимоий тармоқлардаги каналлар, гуруҳлар, саҳифаларда муаллифларнинг билдирган фикрлари Kitab.Uz сайти таҳририяти фикридан фарқ қилиши мумкин _______________________________________________________________________



Манба: Aniq.Uz

Шарҳ ёзиш